Get Mystery Box with random crypto!

#JahonSiyosati Афғонистон, “Толибон” ва COVID-19 Афғонис | Sharq va G'arb

#JahonSiyosati

Афғонистон, “Толибон” ва COVID-19

Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасидаги музокаралар Қатар пойтахти Доха шаҳрида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бироқ учрашувнинг аниқ вақти ҳали белгиланмаган. Маълумки, жорий йилнинг февраль ойида АҚШ-“Толибон” ўртасида имзоланган шартномага муфовиқ, афғон ҳукумати ҳибсдаги 5 минг нафар толибларни озодликка чиқарганидан сўнг афғонларнинг ўзаро учрашувларини ўтказишга келишилган. Бугунги кунга қадар Кобул 2710 нафар толибларни қамоқхонадан чиқарган. “Толибон” ўз навбатида 458 нафар ҳукумат кучлари аъзоларини озод этган.

Рамазон Ҳайити муносабати билан “Толибон” ҳаракатининг уч кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича баёнотидан сўнг Кобул ҳам ҳибсдаги толибларни катта миқдорда озод қилган эди. Айни кунгача Афғонистон ҳудудида зўравонликларнинг миқёси ҳам байрамгача бўлган даврга нисбатан сезиларли камайган. Хавфсизлик хизматларининг ахборотига кўра бир кундаги ҳужумлар сони ўртача 55 тадан 30 тага тушган.

Маълумотларга кўра, афғон ҳукумати толиблар билан учрашув учун махсус гуруҳни шакллантириб бўлган. Ушбу музокараларни тезлаштириш мақсадида Афғонистон масалалари бўйича АҚШ махсус вакили Залмай Халилзад 5 июндан яна Қатар, Афғонистон ва Покистонга навбатдаги сафарини бошлаган.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг сайловлардаги рақиби Абдулла Абдулланинг келишуви ҳамда уч кунлик ўт очишнинг тўхталиши каби воқеалар Кобул ва толиблар ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига умид уйғотди. Шу билан бирга коронавируснинг қўшни давлатда тез тарқалаётгани, мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳаси абгор аҳволда эканлиги, донор давлатларнинг ўзида ҳам пандемияга қарши кураш олиб борилаётгани каби омиллар тинчлик музокараларининг аҳамиятини ҳам кейинги ўринга тушириб қўйиши мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, COVID-19 билан касалланганлар сони 20 мингдан ошиб кетган. Ҳалқаро инсонпарварлик ташкилотларнинг баёнотига кўра Афғонистон гуманитар ҳалокат ёқасида турибди. Мамлакатдаги коронавирус ҳолатларининг 80% ни текшириш имконияти мавжуд эмас. Май ойида тасдиқланган ҳолатлар сони 684% га ошган. Бироқ тест ўтказишнинг жуда паст даражаси инобатга олинса, аҳвол жиддийлиги ойдинлашади.

Миллиардлаб долларлик кўмак дастурларига қарамай, ҳукуматдаги оммавий коррупция ресурсларнинг танқислигига, махсус муассасалар ва соғлиқни сақлаш тизимларини зарурий жиҳозлар билан таъминланмаганига олиб келди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъкидлашича, мамлакатда кунига 2000 кишини тестдан ўтказиш имконияти мавжуд. Ҳар куни таҳлил учун 10 мингдан 20 минггача намуналар олинади, бироқ уларнинг аксариятини текширишга вақт ва имконият йўқ. Бу дегани потенциал коронавирусга чалинганларнинг 90% текширувдан ўтмайди.

Кўрилаётган карантин чоралари туфайли кунбай пул ишловчи аксарият аҳолини очликка маҳкум этмоқда. Сўнгги ойларда импорт маҳсулотларининг камайиши ва нархларнинг кўтарилиши кузатилмоқда. БМТ таҳлилларига кўра, агар касаллик туфайли кўрилаётган чоралар қишгача давом этса, 14 миллионга яқин афғонлар озиқ-овқат ҳавфсизлигининг фавқулодда муаммоларига дуч келиши мумкин. Шу туфайли ҳалқаро ташкилотлар жаҳон ҳамжамиятини Афғонистонга ёрдамни тўхтатмасликка, минтақа мамлакатларини товарлар учун чегараларни ёпиб қўймасликка чорлаяпти.

@sharqvagarb