Get Mystery Box with random crypto!

Буюк мутафаккир бобомиз, ҳазрат Низомиддин Мир Алишер Навоий т | Shahrisabz shahar hokimligi

Буюк мутафаккир бобомиз, ҳазрат Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланади.

Бетакрор тадқиқотчи, Навоийшунос олима

Ўзбек навоийшунослигининг бетакрор тадқиқотчиси Суйима Ғаниеванинг илмий фаолияти серқирралиги кишини лол қолдиради. Бир томондан у Навоий асарлари матнини илмий муомалага киритувчи ва уларни нашрида иштирок этувчи забардаст матншунос, бошқа томондан турли нашрларда Навоий асарларида ёд этилган китоблар ва шахсларни турли нашрларда берилган маълумотларни кенг шарҳловчи манбашунос, яна бир томондан Навоий асарлари кўпжилдлигида шоир асарларининг рус тилидаги таржимони сифатида гавдаланади. Профессор Суйима Ғаниева узоқ йиллар давомида педагогик фаолият билан ҳам шуғулланиб, юзлаб талаба ёшлар у кишининг мумтоз адабиётимиз тарихи ва Навоий ижодиётига бағишланган мароқли маърузаларини тинглаб соҳа мутахассисларига айланган. Олима адабиётшунослик, матншунослик ва таржимачилик соҳасида яратган 80 яқин китоб ва рисолалар, 900 дан ортиқ мақола ва тақризлар муаллифи ҳисобланади.

Суйима Ғаниева Алишер Навоий асарларини нашрга тайёрлаган манбашунос олима ҳам эди. Моҳир тадқиқотчи “Мажолис ун-нафоис”нинг илмий-танқидий матнини, “Навоий дастхати” китобини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами — 20 жилдлигида “Мажолис ун-нафоис”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот”, “Вақфия”, “Ҳамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Назм ул-жавоҳир” каби асарларни изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрлаган. Олима ўзидан қолдирган илмий мерос навоийшунослар учун бугун муҳим манбага айлангани барчамизни қувонтиради. С.Ғаниеванинг илмий фаолияти давлатимиз томонидан юксак эътироф этилган. Олима 1992 йил Беруний номидаги Давлат мукофоти, 1999 йил “Эл-юрт ҳурмати”, 2008 йил “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. 2015 йилда эса С.Ғаниевага Ўзбекистон Қаҳрамони унвони ва Олий нишон — Олтин юлдуз медали топширилган.

Ишонамизки, олима қолдирган бой илмий мерос буюк мутафаккир шоир А. Навоий бобомиз ижодини асрлар оша ўрганишга муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши табиийдир.