Get Mystery Box with random crypto!

​​“Қум конига – мен, цемент заводига – мен, шунингдек – мен... | Shahnoza Soatova blogi

​​“Қум конига – мен, цемент заводига – мен, шунингдек – мен...”

“Бу ажиб дунё” туркумидан

Австралияда ишкал – собиқ бош вазир ўзини яна 5 та вазир лавозимига тайинлаб олган экан, ошкор бўпти.

Демократия энг ривожланган давлатлардан бири дейиладиган Австралияни 2018–2022 йилларда бошқарган собиқ бош вазир, ҳозирда вакиллар палатаси аъзоси Скотт Моррисон 2020 йилда қўшимча яна 5 та вазирлик портфелини “ўзлаштириб олган” экан. Ҳозир Австралия ахборот майдонида шу мавзу “ёняпти”.

Моррисон ўзини Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Молия. Ғазначилик, Саноат, энергетика, фан ва ресурслар вазирликларига “ҳамвазир” этиб тайинлаб олган – бу ҳақида жамоатчиликдан яширинча фармойиш чиқарган. Буни ҳатто ўша вазирларнинг ўзлари ҳам билишмаган (улар орасида Моррисоннинг ҳаммаслак, партиядошлари ҳам бор). Хуллас, тарихда мисли кўрилмаган прецедент!

Сиёсатчи бу ишини “пандемия даври бирор вазир ковид бўлиб қолса, ўрнига тезда унинг вазифасини бажариб кетиш учун қилганман” демоқда. Бу иши қонунга хилоф ҳам эмас. Бироқ гап бошқа нарсада: Моррисон Австралия ўзига маёқ қилиб олган демократик принципларга хиёнат қилароқ, яширинча 5 та вазирликка вазир бўлиб олиб, бу ҳақида жамоатчиликка маълум қилмагани кечирилмаса керак.

Устига-устак, у Саноат, энергетика, фан ва ресурслар вазири сифатида бир ташкилотларга қазилма ишларини олиб боришни рад этиш тўғрисида қарор ҳам чиқарган – яъни ўзи таъкидлаётганидек, фақат вазир ковид бўлиб қолганида эмас, бошқа пайт ҳам ваколатдан фойдаланган! Ташкилот энди унинг мазкур қарорини судга бермоқчи.

Ҳозир вазиятни текширув-суриштирув ишлари кетяпти, жамоатчилик Моррисондан узр сўрашни ва Вакиллар палатасидан истеъфо беришини талаб қилмоқда. Сиёсатчи ўзини оқлаб фейсбукда постлар ёзмоқда...

Албатта, ижтимоий тармоқ фольклори бўлмиш мэмлар ҳам дарров пайдо бўлди: аввал Моррисоннинг юзига бешта вазирнинг қиёфаси ёпиштирилганлари чиқди, кейин мавзу кенгайди, ҳатто Моррисоннинг ўзига ҳам бу ўйин ёқиб қолиб, саҳифасида мэмларни улаша бошлади. Лекин мухолифат унинг ҳазиллашадиган кайфиятини бирпасда йўққа чиқариб, ҳужумларини давом эттирмоқда.

Борис Жонсоннинг пандемия вақти катта базмларда юргани шов-шув бўлганди. Энди эса унинг Австралиялик ҳамкасби пандемия вақтидаги ғалати қарорлари билан трендда.

Эҳ ковид-ковид, нималар қилиб қўйдинг, қара!

@shahnozxon