Get Mystery Box with random crypto!

* * * Туннинг сочларига оралади оқ, Уфқда энг сўнгги юлду | Samariddin Sayyidzod

* * *

Туннинг сочларига оралади оқ,
Уфқда энг сўнгги юлдузлар сўнди.
Ой — терак учида хира шамчироқ,
Ариқлар лабига шабнамлар қўнди.

Ҳорғин сўриларда кетган пинакка,
Адирлар ортини туш кўрган кетмон.
Бу тун — ой, далани суғориб якка,
Саҳар елкасига бош қўйган деҳқон.

Энди ҳовлилардан ўрлайди тутун,
Кимдир ташвишларин қалар ўчоққа.
Ҳаволаниб турган райҳонлар ҳидин,
Ел кўтариб кетар қўшни чорбоққа.

Боғлар — девор оша мингашган жийда,
Йўллар япроқларга минг йиллик сирдош.
Тоғлар ортидаги олтин водийда
Бокира бир тонгни йўргаклар қуёш.

Борлиққа бўй тарар нурлар оҳанги,
Ой ботган сой томон ошиқар сўқмоқ.
Хивчин саватларда осилган тонгги
Сутлар ҳовуридан оқарар қишлоқ.


* * *

Август сув тарайди яйдоқ далага,
Ҳориб қайтган чўпон сурувин қамар.
Осмон чодир ёяр ой машъалага,
Соялар оқ туннинг чопонин ямар.

Олислардан кела бошлар тўйхатлар,
Ишкомларга ўзин осади самар.
Дил розига тўлар кентлар, пойтахтлар,
Умид улғаяди қабрингга қадар.

Ишққа сирдош ёлғизоёқ сўқмоқлар,
Чирилдоқлар туннинг жонини ёқар.
Теракзорда чапак чалар япроқлар,
Ариқларда қирмиз олмалар оқар.

Еру- осмон гувоҳ, ҳар зарра уйғоқ,
Полизларда шўх ел қовун ёради.
Август...
Топ- тоза тун...
Ва тоза гуноҳ,
Сени Худовандга олиб боради.

Самариддин САЙЙИДЗОД