Get Mystery Box with random crypto!

БИРОВНИ КОФИР ДЕЙИШНИНГ ХАТАРИ Бировни кофир дейиш осон иш эм | SAYYID SAFO | Расмий канал

БИРОВНИ КОФИР ДЕЙИШНИНГ ХАТАРИ

Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Аввало, Имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон киши ўз биродарига «Эй, кофир», деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар.

Яъни ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бас, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ўйлаб қўйиш керак бўлади. Иккинчидан, бировни кофир деб ҳукм чиқарилса ва ўшандоқ бўлса, ортидан ўта хатарли ишлар содир бўлиши лозим.
1. У билан хотини орасидаги никоҳ бузилади.
2. Фарзандлари унинг қарамоғидан чиқади.
3. Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.
4. Уни маҳкамага бериб, муртад деган ҳукм чиқарилади.
5. У ўлса, ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар кабристонига кўмилмайди ва
меросдан маҳрум бўлади.
6. Уша ҳолида ўлса, жаҳаннамий бўлади.
Шунинг учун ҳам такводор ва мутамаккин уламолар бировни кофир дейишни ўзларига эп кўрмайдилар. Баъзилари эса аввал бу ишни қилган бўлсалар, кейин бу маънодаги фатволарини бекор қилганлар.

Баъзи вақтларда куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш орқали хатога йўл қўйилади. Мисол учун, «Фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади» деган фатво чиққан. Бу, ўша тоифага мансуб ҳар бир киши кофир, дегани эмас. Якка шахсларга нисбатан «куфр» фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб, бўйнига қўйиш лозим бўлади. Бу ҳақда ақоид илми уламолари қуйидагиларни айтадилар:
«Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, «кофир» деб ҳукм чиқарилмайди».

Аллоҳ таоло Нисо сурасида қуйидагиларни айтган:

«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва шубҳасиз, дўзахга кирурлар» (10-оят).

Ушбу ояти каримадаги ва шунга ўхшаш бошқа қўрқитишлар ҳакдир. Аммо аниқ бир шахсга келганда, «Бу одам, мана шу оятга биноан, албатта, дўзахга тушади», деган қатъий гапни айтиб бўлмайди. Аҳли қибладан бўлган муайян шахснинг дўзахга киришига гувоҳлик бериб бўлмайди. Чунки у мазкур оят маъносини ва ҳукмини билмаслиги, тавба қилиши, ўша гуноҳни ювадиган яхшилик қилиши, шафоатчининг шафоатидан манфаат олиши ёки бошқа сабаблардан фойдаланиб қолиши эҳтимоли бор. Бир одам куфр гапни айтди ва у қозининг олдига келтирилди. Шунда қози ундан гувоҳлар даъво қилаëтган масала - куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. У ўша гапни айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапидан тонишининг ўзи тавба ҳисобланади.

Агар айбдор «Мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим», деса, унга тушунтирилиб, иккинчи бор ҳушёр бўлиши таъкидланиб, қўйиб юборилади. Агар ўша одам «Мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим», деса, уни тавба қилишга чорланади. Тавба қилгунича қамаб қўйилади. Куфр гапни айтиб турган одамга шу муомала бўлганидан кейин, мўминлигини айтиб, унга амал қилиб турган одамни турли гаплар туфайли кофирга чиқариб юборавериш мутлақо нотўғри бўлади. Шунинг учун бу ишда ўта ҳушёр бўлиш лозим.

«Васатия – ҳаёт йўли» китобидан.
@SayyidSafo