Get Mystery Box with random crypto!

МОЛИНГИЗНИ ҒАМЛАБ ҚЎЙМАНГ! Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу ала | SAYYID SAFO | Расмий канал

МОЛИНГИЗНИ ҒАМЛАБ ҚЎЙМАНГ!

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳунинг ёнига кирдилар. Ва Ҳазрати Билол бир идишга хурмо йиғиб қўйганини кўрдилар. Шунда: «Эй Билол бу нима?» деб сўрадилар. «Меҳмонларизнгизга ғамлаб қўйдим» дедилар Билол розияллоҳу анҳу. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Эй Билол! Бу йиққан молингда дўзах оловидан тутун бўлишини хоҳлайсанми. Буларнинг барчасини нафақа қилиб юбор» дедилар. (Имом Баззор ва Табароний ривояти)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто эртанги кун нафақасини ҳам ғамлаб қўйишни ёқтирмас эдилар. Нафақа қилиш учун бўлса ҳам молини ғамлаб қўйиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан эмас эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваккулнинг энг юқори нуқтасида эдилар. Бирор бир киши бу борада ул зотга тенг келолмаган. Саҳобалар орасида бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаганлари бор эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шундай зотлардан эдилар.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга садақа қилишни амр қилдилар. Ўша пайтда менинг молим кўпроқ эди. Мен дедимки: «Бугун энди бу мусобақада Абу Бакрдан ўзиб кетаман» дедим. Молимни ярмини олиб келдим. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳлингга нима қолдирдинг» деб сўрадилар. Шунда мен: «Молимнинг ярмини қолдирдим» деб жавоб бердим. Шунда Абу Бакр Сиддиқ ҳам молларини олиб келдилар. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳлингизга нима қолдирдингиз» деб Абу Бакр Сиддиқдан сўрадилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ: «Аҳлимга Аллоҳ ва унинг Расулини қолдирдим» дедилар. Шунда мен: «Эй Абу Бакр! Ҳеч бир ишда сиздан ўтиб кетолмас эканимда» дедим. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Лекин бу ҳолат фақатгина Пайғамбар алайҳиссаломга хос хусусият бўлган. Яъни уммат бутун бойлигини нафақа қилишдан қайтарилади. Биринчи ўринда аҳлини таъминотини қилиб қўйишга буюрилади. Бунга мисол қилиб Табук ғазотидан қолиб кетган Каъб ибни Молик розияллоҳу анҳуни оламиз. Тавбаси қабул бўлган оят нозил бўлганда Каъб ибни Молик шу қадар севиндиларки, ҳатто бутун молларини нафақа қилмоқчи бўлдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Молингни баъзисини олиб қол. Бу ўзинг учун яхшироқдир» дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Мол тўплаш ва уни сарф қилиш ҳам юксак фаросатни талаб қилади. Тўпланган молдан қилинган ҳар қандай садақа кишига яхшилик ва саодат олиб келади. Аммо молини тўплаб на ўзи ва на бошқаларга раво кўрмаслик, жаҳолатнинг белгисидир.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ.
@mehrob_uz