Get Mystery Box with random crypto!

Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бор | SAYYID SAFO | Расмий канал

Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бориш билан кифояланиб қолинмади, балки амалий ва намунали ишлар ҳам қилинди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойидан шумланишига тамоман зид ўлароқ бу ой Исломда «Сафарул хайр» (Сафар яхшилик) деб номланди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида иш бошлаб бўлмайди, деган хурофотига зид ўлароқ Исломда кўпгина ишлар айнан сафар ойида бошланди. Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом сафар ойида сафарга чиқиб Хайбарни фатҳ қилдилар. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар.
Манбаларда Имом Зуҳрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида ўз қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди. Сафар ойидан шумланишни йиғиштирайлик. Билмаганларга ҳам бу ой тўғрисида ўзимиз билган исломий ҳақиқатни етказайлик.
Алҳосил, халқимиз ичида ҳанузгача бидъат-хурофот ва ирим-сиримга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг фикрини чалғитиб соф Ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди.

Халқимизда «Хайрли амаллар кечиктирилмайди», деган ҳикматли ибора бежиз айтилмаган.

Ҳақ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлишимизни, Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимизни насиб айласин!

Яқинларга ҳам улашинг

Каналимизга обуна бўлиш учун
@SayyidSafo