2021-02-13 07:57:17
КАССАЦИЯ ШИКОЯТИ БЕРИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРДИ
“Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сонли қонуни билан Фуқаролик процессуал кодексига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Фуқаролик процессуал кодексининг 403-моддасига кўра, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан кассация шикояти бериши, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно, прокурор эса ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда кассация протести келтириши мумкин.
Ушбу кодекснинг 404-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан берилган кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.
Ушбу кодекснинг 405-моддасига кўра, Кассация шикояти (протести) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.
Кассация шикояти (протести) ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга судга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган кассация шикояти (протести) мустасно.
Зарур ҳолларда, судья кассация шикояти берган шахс ёки протест келтирган прокурор зиммасига кассация шикоятига (протестига) илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.
Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.
Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра кассация инстанция судининг судьяси томонидан, башарти илтимоснома кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикоятини (протестини) беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ўрганади.
Кассация шикоятини (протестини) ўрганиш натижалари бўйича судья қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:
1) кассация шикоятини (протестини) қабулқилишни рад этиш тўғрисида;
2) кассация шикоятини (протестини) қайтариш ҳақида;
3) кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш ва ишни талаб қилиб олиш тўғрисида.
Ушбу кодексининг 419-моддасига кўра,ФПКнинг 403-моддасида кўрсатилган шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарларига ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддати ичида, мазкур муддат ўтган ҳолларда эса — ажрим қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида берилиши мумкин.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган муддатлар ўтганидан кейин берилган ариза кўриб чиқилмайди.
А.А.Жўрабоев,
Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё
туманлараро судининг судьяси
Каналга уланиш:
https://t.me/yangihayot_gazetasi
382 views04:57