Get Mystery Box with random crypto!

Ифода тарзи ўзбекча бўлсин Гап фақат сўзларда – нарсаларнинг | SAVIYA.UZ

Ифода тарзи ўзбекча бўлсин

Гап фақат сўзларда – нарсаларнинг отини, сифатини, миқдорини, ҳаракатини, тарзини англатувчи калималардагина эмас. Фикр-муносабатни баён этишда турли элларнинг ҳар бири бошқача-бошқача сўз ва ифода тарзини танлайди. Масалан, биз “хоҳламайман” десак, руслар “не хочу” дейди. Шу оддий бир мисолда туркий халқлар аввал предмет(хоҳла)ни атаб, сўнг уни инкор қилса (+майман), ҳинд-европа тил оиласига мансуб тилларда сўзлашувчиларда бунинг акси: аввал инкор этиб (не), сўнг предмет(хочу)нинг нима эканини билдириши аён бўлади.

Бизда ҳозир бир қисм одамлар ана шундай ўзига хосликлар борлигини ё унутиб юборган ёки англамайди. Оқибатда кўп фикрлар ҳиссиз, жонсиз ҳолда бошқа одамга етиб боради. Таржима тили жонли сўзлашув нутқига ҳам кучли таъсир ўтказа бошлаган, ҳозирги замонда бу нарса жуда сезиляпти.

“Мен ўйлайманки...” (я думаю, что...), “бир сўз билан айтганда” (словом) деб гап бошлайдиган одамларнинг аксари ё ўзбек эмас, ёки она тилига бегоналашган ўгай ўзбек бўлиб чиқади.

Тилнинг миллий табиатини ҳис этмаган одам нимани таржима қилмасин, аслият тили жодусига берилиб, “аслига тўғри” қилиб ағдариб кетаверади. Ана шундай мутаржимлар туфайли бизда “таржима тили” деган аросат пайдо бўлган: ўқисанг – англамайсан, айтсанг – биров тушунмайди. Ахир, масалан, “бандликка кўмаклашиш” нима дегани? Тили бузилмаган ўзбек бу гапни эшитса, кимдир (ишга) банд, унга ёрдам бериш керак экан, деб ўйлайди. Яна бу алмойининг “бандликни таъминлаш” (обеспечение занятости) деган алжойиси ҳам бор. Шунинг ўрнига, “иш топишга кўмаклашиш”, “иш топиб бериш” десак, ким нимани ютқизади?

Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Таржима ва тил” мақоласидан.
ЎзАС, 2021 йил 26 ноябр

@oriftolib