Get Mystery Box with random crypto!

#САВОЛ_ЖАВОБЛАР МАХФИЙ ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗНИ ЖАҲРИЙ ЎҚИСА CАВОЛ | Хожи Туроб ўғли хожи Абдуллоҳ

#САВОЛ_ЖАВОБЛАР

МАХФИЙ ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗНИ ЖАҲРИЙ ЎҚИСА

CАВОЛ: Махфий ўқиладиган намозни бошқалар эшитадиган даражада қироат қилиш мумкинми? Буни оқибати қандай?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Намозхон махфий ўқиладиган намозларни ўзи эшитадиган даражада қироат қилади. Имом адашиб махфий қироат ўринида жаҳрий, жаҳрий қироат ўрнида махфий ўқиши саждаи саҳвни вожиб қилади. Ёлғиз ўқувчи эса бундай хато сабабли саждаи саҳв қилмайди. Фақат битта ҳолат истисно бўлади: ёлғиз ўқувчи киши ўзини имом деб ўйлаб (махфий ўринда) худди имомдай жаҳрий ўқиса, унга ҳам саждаи саҳв вожиб бўлади. Бу мавзуда Баҳрур роиқ китобида шундай дейилади:

وذكر قاضيخان في فتاواه أن ظاهر الرواية وجوب السجود
على الامام إذا جهر فيما يخافت أو خافت فيما يجهر قل ذلك أو كثر،
وكذا في الظهيرية والذخيرة،

"Имом Қозихон ўзининг "Фатово" китобида зикр қилади, Зоҳирур ривоят шуки, имом камми ё кўпми жаҳрий намозни махфий, махфий намозни жаҳрий ўқиса, саждаи саҳв вожиб бўлади. "Зоҳийрия" ва "Захиратул фатово" китобларида шундай келган".

واختلفت الرواية في المقدار والاصح قدر ما تجوز به الصلاة في الفصلين لان اليسير من الجهر والاخفاء لا يمكن الاحتراز عنه، وعن الكثير يمكن وما تصح به الصلاة كثير غير أن ذلك عنده آية واحدة، وعندهما ثلاث آيات وهذا في حق الامام دون المنفرد لان الجهر والمخافتة من خصائص الجماعة.

"Саждаи саҳвни вожиб қилувчи миқдор ҳақида ривоятлар турлича келган. Саҳиҳроғи икки ҳолат (яъни, адашиб махфий ёки жаҳрий ўқиш)да ҳам саждаи саҳвни вожиб қиладиган қироат миқдори — намоз дуруст бўладиган миқдордир. Чунки адашиб озгина жаҳрий ё махфий ўқиб қўйишдан сақланиб бўлмайди, кўп ўқиб қўйишдан эса сақланиш мумкин. Намоз дуруст бўладиган қироат миқдори эса кўп ҳисобланади. Лекин бу миқдор Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ наздида бир оят, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар наздида эса уч оятдир.
Саждаи саҳвнинг вожиб бўлиши имомга тегишли масала, ёлғиз ўқувчига эмас. Чунки жаҳрий ё махфий ўқиш жамоатнинг хусусиятларидан"
.

وفي الظهيرية: وروى أبو سليمان أن المنفرد إذا ظن إنه إمام فجهركما يجهر الامام يلزمه سجود السهو

"Заҳийрия китобида айтилади: "Абу Сулаймон ривоят қиладики, ёлғиз ўқувчи киши ўзини имом деб ўйлаб (махфий ўринда) худди имомдай жаҳрий ўқиса, унга ҳам саждаи саҳв вожиб бўлади". Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA