Get Mystery Box with random crypto!

​​#smth Ҳаётим давомида жуда ҳам кўпчиликнинг бирор ҳар-нарса | Read'n'Roll

​​#smth

Ҳаётим давомида жуда ҳам кўпчиликнинг бирор ҳар-нарсанинг мутлақ яхши ёки мутлақ ёмон дея қабул қилишларига кўп дуч келаман. Гўё дунё¹ фақат оқ ва қора рангдан иборатдек. Тўғрироғи, гўё маълум бир ҳар-нарса фақатгина ё оқ, ё қора тусда бўлади, холос.

Румийнинг The Elephant in the Dark шеърини эсласангиз, филни илк бор кўришга келган инсонлар унинг турли хил аъзоларини ушлаб кўрадилар; унинг хартумига тегиб кўрган инсон филни ғадир-будур бироз юмшоқ ва тўлиқроқ узун нарсадек тасаввур қилса, қулоқларинигина ушлай олган одам у ҳақида тамомийла бошқа тасаввурга эга бўлади². Яъни маълум бир ҳар-нарсани турли призмалар ортида таҳлил қилсангиз ва унга фарқли томондан (ёки фарқли ёндашувлар билан) қарасангиз, у ҳар-нарса ҳақида бир-бирига ўхшаш бўлмаган - бири оқ, бири қора, бири қизил ва бири балки сариқ - тўхтамларга келасиз.

Борлиқни ва унинг (ёки ҳаётингизнинг) таркибий қисмларига абсолютизм³ ёндашувини қўллар экансиз, барчаси сиз учун мантиқсиз равишда қийинлашиб бораверади. Нега дейсизми? Чунки, айтайлик, бирор ғоя сизга ёқади ва сиз уни фақат оқ ғоя, яъни қусурсиз ғоядек, қабул қилиб олгансиз. Вақт ўтган сари сизда у қор каби оқ ғоя фанатизми сезилишни бошлайди (аввал билинар-билинмас, сўнгра бироз кучлироқ, сўнгра ундан ҳам кучлироқ ва оҳир оқибат мутлақ фанатизм).
У ғояни ҳар томонлама таҳлил қилишни истамаганингиз сабабли натижада сизда у ғоя тарафдорлари бўлмаган инсонларга нисбатан автоматик равишда салбий муносабат пайдо бўлишни бошлайди. Ўзингизга "йўқ, менда ундай бўлмайди, менга бир ғоя ёқади, лекин уни ёқтирмаганларни мен ҳеч қачон ёмон кўрмайман" десангизда, сизда қарши тарафга нисбатан ҳеч қачон объектив муносабат бўлмайди⁴. Бу ҳолатга етганингиздан сўнг ёқтирган ғоянгиз ҳақида бирор бир салбий фикр эшитишингиз биланоқ, у фикрнинг тўғри-нотўғрилигини таҳлил қилишдан аввал, сизда сабабсиз ғазаб пайдо бўлишни бошлайди.

Бундан ташқари кун келиб, ақлингиз кириб, ҳар-нарсага⁵ нисбатан абсолютизм ёндашувини қўллаш нотўғрилигини ичингизда англаб, унинг қора, сариқ, кулранг ва ҳкз. томонларини ҳам кўришни бошлаб⁶, аммо ташингизда ҳамон уни бутунлай қўллаётган бўлсангиз, сизда когнитив диссонанс пайдо бўлади; ботинингиз сиртингиз билан айни бўлмай қолади. Психологларнинг таъкидлашича, узоқ давом этган когнитив диссонанс клиник депрессиягача олиб келиши мумкин экан
Бу мисоллар бир тарафлама ёндашувнинг ҳаётингизда келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммолардан бир қисми, холос.

Ҳозир Bertrand Russelнинг Authority and the Individual китобини ўқияпман. Уерда файласуф ҳаммамиз севган фан ҳақида жуда ҳам қизиқ фикр билдириб ўтади. У билдирган фикрни юқорида келтирилган фикрга боғлаб, абсолютизмни таҳлил қилиб кўришга урининг:

"Замонимизнинг аждодларимизнинг ҳаётидан яхшироқ ва ёмонроқ қилиб турувчи нарса бу фандир. Турмуш ҳаётимизда чироқ, радио ва кинога эга бўлдик. Фандаги ютуқлар натижасида саноатда машиналар ва ёқилғи ишлатиш имкониятига эришдик. Меҳнат унумдорлиги ўсгани сабабли кучимизнинг олдингига қараганда сезиларли даражада кўпроқ қисмини урушларга ва урушларга тайёргарлик кўришга ишлатиш имкониятини қўлга киритдик. Бундан ташқари фарзандларимизни одатдагидан кўпроқ вақт таълим муассассаларида ушлаб туришга қодир бўлдик. Фан ривожи сабабли оммавий аҳборот воситалари орқали чин ва ёлғон хабарларни Ерюзидаги деярли ҳаммага етказиш имкониятига эга бўлдик. Фан ривожи сабабли ҳукумат ёқтирмаган, ҳукуматга тўғри келмаган инсонларнинг давлатдан қочиб кетишларини имконсиз қилиб қўйиш қобилиятини қўлга киритдик. Турмуш ҳаётимиз ва ижтимоий тизимимизнинг бари фаннинг маҳсулидир."

----
¹дунё - ғоя, фикр, ҳолат ва ҳкз.
²шеърнинг бошқача талқинлари ҳам мавжуд
³яъни бир нарса ё мутлақ оқ, ё мутлақ қора дейиш. Тарихда абсолютизм атамаси мутлақ кучга эга бўлган тизимларга нисбатан ишлатилади
⁴негаки сиз уларни душманлар сифатида қабул қилишни бошлаган бўласиз
⁵ва ўша ҳар-нарсанинг қарама-қарши тарафига ҳам
⁶жуда ҳам зўр ҳолат

@readnroll