Get Mystery Box with random crypto!

​​#няя Ким биландир баҳслашаётганингизда қарши тарафдаги одам | Read'n'Roll

​​#няя

Ким биландир баҳслашаётганингизда қарши тарафдаги одамнинг жаҳли чиқиб, қизишиб, баланд(роқ) овозда гапириш уёқда турсин, бақир-чақирга ўтганини кузатганмисиз? Одатда, масалан, илмий баҳсда ёки бирор тор мавзудаги мунозарада ўзини йўқотиб қўйган одамларга нисбатан (шаблон гаплар билан) "буни тушунишга унинг ақли етмайди" ва ҳкз. деб қўямиз. Бу гапимиз қисман тўғри бўлиши мумкин, аммо у одамнинг конструктив баҳс юрита олмаганининг асосий сабаби унинг психикасининг баҳс мавзусига бўлган муносабати экан.

Эрик Берн ўзининг Психиатрия ва психоанализга кириш китобида, инсонлар ўзларига доимо сиймолар (образ) яратиб яшашади ва атрофда бўлаётганларни ўша яратилган сиймоларига таяна таҳлил қилишади дея таъкидлайди. Мисол учун, кимнингдир бир бошқа инсонни севиб қолганини олайлик. Ошиқ инсон ҳеч қачон севгиси маркази бўлган инсоннинг аслини эмас, яъни қандай бўлса шундай эмас, балки ўз ҳаёлида у инсон учун яратган тимсолини севар экан. Турмуш ҳаётида ҳаёлий тимсолига зид ҳолатларга дуч келганида эса, одатда, кўнгил совишлар ёки узоқлашишлар юз беришни бошлайди.
Берн нимани назарда тутганини яхшироқ тушуниш учун яна бир мисол келтирай. Тасаввур қилинг, бирор янги уйга кўчдингиз. Янги уйингиз эски уйингиздан, айтайлик, каттароқ, марказдароқ, шинамроқ ва ҳкз.роқ бўлсада, сиз учун уер қандайдир ноқулай. Янги тураржойингизга ўргана олмаганингизнинг сабаби сизнинг кўчишингиздан аввал психикангиздаги уй тимсоли эски уйингиз билан боғлиқлигидир. Одатда, инсон янги тураржойига бир ярим ой деганда ўрганишни бошлар экан, яъни унинг психикасидаги уй тимсоли бир ярим ойда аста-секин ўзгаришни бошлайди. Олти ойдан сўнг эса у ўзини янги уйидан бошқа жойда уйидагидек ҳис қила олмай қолади.
Қисқа қилиб айтганда, инсон ҳаётидаги ва атрофидаги нарсаларга нисбатан психикасида доимо сиймолар яратишга ўрганган ва уларни ўзгартириш доимо вақт талаб этади.

Энди сокин ҳолда баҳслаша олмайдиган инсонга қайтайлик. Сиз оппонентингизга баҳс мавзуси бўйича далилар ва мантиқий хулосалар келтиришингизга қарамай, у кундек равшан бўлган ҳақиқатни тан олгиси келмай, сиз билан урушишни ва айрим ҳолатларда муштлашишни ҳам бошлайди. Бундай ёш-болача реакциянинг сабаби унинг калтафаҳмлигида эмас, балки унинг психикасида ўша мавзу бўйича яратиб олган тимсоли сабабчи. Яъни рақибингиз баҳсга сабаб бўлган мавзунинг тўғриси а эмас, балки б эканлигини ўзи учун олдиндан аниқлаб олган. Сиз унинг ҳақиқатига қарама-қарши далилар келтирар экансиз, унинг психикасида яратган тимсоли қулашни бошлайди. Лекин у янги ҳақиқатни (тимсолни) дарҳол қабул қила олмагани сабабли, ўзининг ҳақиқатини ўз йўллари билан, қўлидан келганча ҳимоя қилишга ўтади. Юқорида айтиб ўтилгандек, инсон бирор нима учун психикасида яратган тимсолини ўзгартириши учун маълум муддат зарур.

Демак, келаси сафар баҳсда кимнингдир ўзини йўқотиб қўйганини кўрсангиз, уни дарҳол ақлипастликда айбламасдан, бундай реакция инсон психикаси учун ҳос эканлигини эслаб қўйинг, холос.

@readnroll