Get Mystery Box with random crypto!

​​Уста ва Маргарита, М.Булгаков Бир неча кун олдин Уста ва Ма | Read'n'Roll

​​Уста ва Маргарита, М.Булгаков

Бир неча кун олдин Уста ва Маргарита асарини қайта ўқиб чиқдим. Асар ревьюсига кўп вақт ажратилса, энг ками уч-тўрт вароқли ревью чиқади. Лекин уни қисқа қилишга ва асарни ўқиган ўқувчиларда ё ўзлари ё кимдурлар билан соатлаб давом эттирса бўладиган баҳсларга сабаб бўладиган қисмларига тўхталиб ўтишга қарор қилдим.

1. Понтий Пилат ва Иешуа Га-Ноцри ўртасидаги суҳбатда, Иешуа ўқувчиси ва издоши бўлган Левий Матвей ҳақида қуйидаги гапларни айтади:
"...биттаси бор, қўлига така терисидан ишланган пергамент ушлаб олиб, орқамдан изма-из юргани-юрган, тўхтовсиз ёзгани-ёзган. Лекин бир марта ўша пергаментга кўз қиримни ташлаб ҳангу манг бўлиб қолдим. Мен у ерда ёзилган гапларнинг бирортасини ҳам гапирмаганман. Ҳудо ҳаққи, ёқиб юбор бу пергаментингни, деб ёлвордим унга. Лекин у пергаментни қўлимдан юлиб олиб, қочиб кетди."

Христианлик тарихи билан қисқача таниш бўлганлар ва асарни ўқиганлар буни билади, аммо қолганлар учун Понтий Пилат, Га-Ноцри ва Левий Матвей тўғрисида қисқа маълумот.
Понтий Пилат Исо Пайғамбарнинг ўлими ҳақида қарор чиқарган рим прокуратори эди. Айтишларича (яъни аниқ далил борми менга қоронғу), Пилат Исо Пайғамбарни ўлимга маҳкум этишни ҳеч хоҳламаган, бироқ омма босқинига бўйсиниб, уни қатлга маҳкум қилган экан.
Иешуа Га-Ноцри евангелизмда Исо Пайғамбарнинг иккинчи исми. Булгаков ҳам ўз асарида Пайғамбарни шу исм билан номлайди.
Левий Матвей (Матфей) - Исо Пайғамбарнинг 12 апостолларидан бири бўлиб, Инжил(лардан бири)ни - Матфей Инжилини - ёзган одамдир.

Иешуа юқоридаги гапларида ўзининг илк ўқувчиси Матвейнинг унинг таълимотларини нотўғри қайд этаётганини ва унинг ёзиб қолдирганлари Га-Ноцрининг сўзларига зид эканлигини таъкидлайди. Албатта, Уста ва Маргарита (айрим) тарихий далилларга таянган тўқима асар ва Иешуанинг бу гаплари ҳам муаллифнинг ҳаёл маҳсули. Аммо айнан шу гаплар инсон ўзига ўзи динларда муқаддас ҳисобланган, асрлар давомида одамлардан одамларга айтиб келинган таълимотлар, ривоятлар, ҳикоялар ва ҳкз.лар ўз аслиятини йўқотмаганмикин деган саволни беришга ундайди. Бундай қиёслама кўпчиликнинг жаҳлига тегиши мумкин, лекин, мисол учун, кўз олдингизга ҳалқ оғзаки ижодини ва унинг қай тарзда авлоддан авлодга ҳикоя қилинишини келтиринг.

2. Воланд (Шайтон) ва Берлиоз ўртасидаги баҳс. Берлиоз муккасидан кетган атеист эди. У атеист эканлигини кўксини кериб, ҳар бурчакда фаҳр билан қичқиришга рози бўлган атеистлардан бири бўлиб, на Яратганга, на Шайтонга ишонарди. Воланд дин ва Исо Пайғамбар таваллуди тўғрисида оғиз очаркан, Берлиоз буларнинг бари сафсата эканлигини ва бутун оламни инсон бошқаришини иддао этади. Шунда Шайтон унга жавобан, ундан ўлиши муқаррар бўлган ва, ҳаттоки, тўсатдан ўлиши муқаррар бўлган жонзот қандай қилиб Борлиқни бошқаришга, келажакни режалашга қодир эканлигини сўрайди. Берлиоз яна бир бор ҳеч қандай илоҳий куч йўқлинини ва инсон ўз тақдирини ўзи бошқаришини айтади. Ушбу суҳбатдан бир неча дақиқа сўнгра турли ҳил нарсаларни режалаштирган Берлиозни трамвай босиб кетади ва у ўлади. Яъни унинг ҳам тўсатдан ўлиши муқаррар эди.

3. Инсонларнинг нафси. Профессор Воланд кўринишидаги шайтон ва унинг мулозимлари Варьете Теартида намойиш кўрсатар экан, бир неча фокуслар билан томошабинларни лол қолдиради. Залда ўтирган ҳамма бу фокуслар қора жоду билан боғлиқ эканлигини ва асло чин эмаслигини билардилар. Воланднинг мулозимлари аёлларга уларнинг эски кийимлари эвазига Париж мода уйларидан келтирилган кийим-кечаклар, атир-упалар беришни бошлайди; театрда бирдан пул ёмғири бошланади ва томошабинлар бир-бирини туртиб, йиқитиб, қўлларидан келганча, кўп пул йиғиб олишга ҳаракат қилади. Томошабинлар буларнинг барчаси қалбаки эканлигини била туриб ҳам, нега энди уларни олишга, тўплашга рози бўлади? Албатта, бунинг сабаби назорат қилиш ўта машаққатли бўлган инсон нафси. Шайтон (Воланд) бўлаётганларни чеккадан туриб кузатар экан, Москва ўша-ўша дейди. Воланд, тўғрироғи, одамлар ўша-ўша.

@readnroll