Get Mystery Box with random crypto!

#Фиқҳ_сабоқлари НАМОЗ ВАҚТЛАРИ Намозни ўз вақтида ўқиш фар | Ravza.uz | Rasmiy kanal

#Фиқҳ_сабоқлари

НАМОЗ ВАҚТЛАРИ

Намозни ўз вақтида ўқиш фарз ва лозимдир. Вақти кирмасдан ўқилган намозлар ҳисобга ўтмайди. Вақтида ўқишга улгурилмаган намозларнинг қазоси ўқилади.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
"Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жанозани ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл тенгини топганда", дедилар"
.
Имом Термизий ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг афвидир", дедилар".
Имом Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло фарз қилган намозларнинг ўқиш вақти қуйидаги пайтларда бўлади:
1. Бомдод намозининг вақти - субҳи содиқдан (чин тонг отгандан) кун чиққунчадир.
2. Пешин намозининг вақти - қуёш заволга (оғишга) келганидан сўнг то нарсаларнинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари, ўз узунлигига нисбатан икки баравар ортгунига қадар.
3. Аср намозининг вақти - ҳар бир нарсанинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари, ўзига нисбатан икки баравар ортганидан бошлаб, қуёш ботгунчадир.
4. Шом намозининг вақти - кун ботган пайтдан бошлаб, кунботар томонда шафақ (қизғиш нурлар) ғойиб бўлгунчадир.
5. Хуфтон намозининг вақти - шафақ батамом йўқолгандан кейин киради.
Витр намози вақти эса хуфтон ўқилгандан кейингина киради. Хуфтон ва витр намозларини субҳи содиққача ўқиса бўлади.
Бамдод намозини тонг ёришганда ўқиш мустаҳаб, аълороқдир. Соат бўйича ҳисобланса, бомдодни кун чиқишидан 40 дақиқача илгари ўқиш мустаҳаб вақтига мувофиқ бўлади.
Пешин намозини ёз фаслида бироз кечиктириб, қиш фаслида эса вақти кириши билан ўқиш мустаҳабдир.
Аср намозини қуёш тиғини ўзгартирмай, нурсиз ҳолатга киришидан олдинроқ ўқиш мустаҳабдир.
Шом намозини доимо қуёш ботиши билан ўқиш мустаҳабдир.
Хуфтон намозини кечанинг учдан бирининг охирида ўқиш афзал ва ниҳоятда аъло бўлади.
Витр намозини эса тун охирида уйғонишга қодир бўлган кишилар субҳ олдидан ўқисалар, мустаҳаб амал қилган бўлишади.

"Мўминнинг меърожи" китобидан.

•••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄•••••
Ravza.uz | @Ravza_uz ✓
Яқинларингизга ҳам улашинг!
https://t.me/joinchat/AAAAAEK1i9U4tQNraGg1wA