Get Mystery Box with random crypto!

МИКЕЛАНЖЕЛО СЕВГИСИ | Rauf Parfi

МИКЕЛАНЖЕЛО СЕВГИСИ

Севгим, мен нақадар севаман сени.

МИКЕЛАНЖЕЛО

1. Муқаддас тош менинг севгим, андуҳим,
Радди бало бўлур бу ишқ ханжари,
Дунёни тўлдириб учадир руҳим,
Сен қайси маконда? Манзилдан нари?!

Уфққа бош урар денгиз девори,
Юракда исённинг иссиқ хунлари,
Жимирлар шафқати ёлғон ғамхорим,
Келур очқорлоқнинг аччиқ унлари.

Денгиз, очқорлоққа тилайман бардош,
Унга лочин шиддатини бер, қани,
Бағрингга олмай тур қаноти синган...

Саодат бағишла эй, муқаддас тош,
Бу чексиз оғриқдан халос эт мани,
Менга илҳом керак, мангулик сенга.

2. Ичимдаги ёвга қараб тураман,
Йиллар ўтган сайин у ҳам беқайғу...
Мангуликнинг ҳассасига ураман,
Тақдирнинг ёлғончи шевасидир бу!

Қиш қуёши кезар хаёлга чўмиб,
Ёлғизлик йўлида ёлғиздир ўзи.
Ўзи яратгандир кетмас кўз юмиб,
Ҳар нарсани кўрар осмоннинг кўзи.

Тул қолган кимсадек осмон азали,
Мозор – дунё узра қилар ибодат,
Мен ҳам унинг каби кўп бор тутилдим.

Ё йиқилмас ёки кулмас тузалиб,
Ер – ё ҳаёт ё мамотдан иборат...
Инсонни севдим мен Инсонни билдим.


3. Билингиз, қуролим севгимдир фақат,
Унинг ўқларидан бўлдим бахтиёр.
Неки қаҳру ғазаб, макру қабоҳат,
Севгимнинг йўлида мағлуб, тор-мор.

Борлиқ ёнса, қуёш айланса кулга,
Юлдузларни тугма каби юлсалар,
Менинг буюк севгим, бир бора кулгин,
Қаҳқаҳанг йўқликни даҳшатга солар.

Аллоҳнинг ишига ҳайрон қоламан
Қонли товушларнинг рангги: Ўлдир, ос...
Ўтларнинг ичинда куйиб толаман.

Ичим ёнар, ҳар нафасим – эҳтирос,
Фиръавнга сиғинмайман, оломон,
Аллоҳга сиғинаман, севгимга холос.

1979

Рауф Парфи