Get Mystery Box with random crypto!

АЛЕКСАНДР БЛОК Билурман, хун ҳақи, ҳалокат ҳақи, Барибир м | Rauf Parfi

АЛЕКСАНДР БЛОК

Билурман, хун ҳақи, ҳалокат ҳақи,
Барибир мен сени қутлайман, ҳаёт.


А.БЛОК

1. Қора булутларин ўйнар осмон,
Олис юлдузларнинг сирли шуласи.
Туманли соҳилдан ундар бегумон
Бу сўлғин шаьмларнинг игналик саси.

Ташналик сасидир, бу – туш, бу – олам,
Кимдир тишлаб олган оловни унда.
О Рус, сен – ёрим, сен – синглим, сен – Онам,
Қандай олиб чиқай ман сени тундан?

Сира қувиб бўлмас бу қонли тушни,
Куйдиргувчи юлдуз сапчир дафьатан,
Ҳеч синмас руҳ ичра осмоннинг ҳусни.

Томоққа тиқилган кўз ёшим – Ватан.
Ўт ичиндан термакдаман товушни,
Куйиб бўлган нарса куймас қайтадан.

2. Мадор йўқ, қанот йўқ. Тамом. Чарчадим,
Чўқир жигаримни бу ўтрук, ёлғон.
Бу таьна қадимий, бу сўзлар қадим,
Бу совуқ сайёддир кўҳна палаҳмон.

Ёлғиз менми ахир?! Дард бор, ҳамдард йўқ,
Бу ёлғон дунёда мен ёлғиз эмас.
Нақадар тиниқдир, зангоридир кўк,
Нақадар шириндир, узундир нафас.

Русия! Йиғлама, кўз ёшингни сот,
Сўйилган ой кезар, у менинг хуним,
Сен билурсан холос. Бошқа ҳеч бир зот.

Жисмим совуб борар сўнмоқда уним,
Гирдоб қўйнида мен, қўлингни узат...
Хайр! Бу кун менинг охирги куним.

3. Қайда, қайда қолди ўзғир ғалаён?!
Наҳот унинг синмас қиличи синди,
Титра чексиз уммон, сен мудроқ жаҳон,
Темир дарбозангни тепарман энди.

Қара, қўлларим қон, тирноқларим қон,
Тургил, ғафлатингни ётмагил босиб,
Эшикни очсанг-чи эй, ялқов посбон,
Қаршингда мана мен, жаҳон садоси.

Ваҳмзор жаҳонсен қалбимни ёқиб,
Шеьрият қаьрига шўнғирман ношод.
Русия, Русия, севиб, ютақиб,

Шўрлик омон бўл, деб топиндим бедод,
Билурман, хун ҳақи, ҳалокат ҳақи,
Барибир, мен сени қутлайман ҳаёт.

1981

Рауф Парфи