Get Mystery Box with random crypto!

​​АЛЛАЛАРИНГ СОҒИНДИМ, ОНА… Олам қайтди замин қаъридан, Онаги | Rahimjon Ali

​​АЛЛАЛАРИНГ СОҒИНДИМ, ОНА…

Олам қайтди замин қаъридан,
Онагинам,бир сен қайтмадинг...
Гўдак қалбим қувонтиргани-
Чечаклардан салом айтмадинг...
Аллаларинг соғиндим, ОНА...

Хаёлимда нурли жамолинг,
Фарёдимда туганмас фироқ...
Уринтирма ўзгинангни деб,
Айтганларинг ёдимда бироқ,
Аллаларинг соғиндим, ОНА...

Қалдирғочлар сени эслашиб,
Бир зумгина қолдилар тинчиб...
Сўнг йиғлашиб, кўз ёшларини,
Кипригимга кетдилар санчиб...
Аллаларинг соғиндим, ОНА...

Соғинчимни сиғдиролмадим,
Сенга қўйган қабр тошимга...
Афсоналар рост бўлса агар,
Тушларимда қайтгил қошимга...
Аллаларинг соғиндим, ОНА...

Титратиб қўй киприкларимни,
Кўз ёшларим турса эринчак...
Тебратиб қўй хаёлларимни,
Хаёлларинг менга беланчак...
Аллаларинг соғиндим, ОНА...


Муғанний (Ғанижон Холматов)

@Rahimjon_Ali