Get Mystery Box with random crypto!

Бир чеҳрада икки юз, битта тилда жуфт забон. Қандай мавзу бўлм | Раббимов Жасур (𐱅𐰇𐰼𐰜‎)

Бир чеҳрада икки юз, битта тилда жуфт забон.
Қандай мавзу бўлмасин, биладиган халқ бўлдик.
Ёт элларга соядек эргашди-ю "мусулмон",
Хочни топса бўйнига, иладиган халқ бўлдик.

Зўравонга жазо йўқ, айб ожизга тўнкалар,
Курашмоққа мадор йуқ, қуриб битган тинкалар,
Ҳамма жойни эгаллаб, саксон йиллик тўнкалар,
Ўссам деган ниҳолни, юладиган халқ бўлдик.

Тили улуғ саҳоба, қалби "ибн Халаф"лар,
Душман аниқ, дўст аниқ, ўртада бетарафлар,
Кимларгадир шон тилаб, кимларгадир шарафлар,
"Яшасин фалончи" деб, ўладиган халқ бўлдик.

Ожизларга ачиниш, мункар ишга жаҳли йўқ,
Ўзича у фаришта, ерда гўё аҳли йўқ,
Менга нима уйим тинч, менга унинг дахли йўқ,
Ўз айбига ўзимиз, куладиган халқ бўлдик.

Юракни даволасанг, дард кўринар жигарда,
Дўстларнинг қўли бордек, ёвлар тутган заҳарда,
Минг битта фитна билан, Дажжол келса агарда,
Роббим деб унга қуллик қиладиган халқ бўлдик.

Илҳом Иброҳимов.
15/09/22
-----------------------------
Жасур Раббимов

Telegram | YouTube | VK | Instagram