Get Mystery Box with random crypto!

Халқнинг диққат-марказида туриб бирдан юқори лавозимни ўз хоҳи | Rasul Kusherbayev

Халқнинг диққат-марказида туриб бирдан юқори лавозимни ўз хоҳиши билан тарк этиб, ундан пастроқ лавозимга ишга кирган инсон тарихда бўлганми, йўқми, билмадим, аммо шуниси аниқ-ки, Расул Кушербаев ҳеч ким кутмаган антиқа ишга қўл урди. Боз устига, собиқ ҳамкасблари эндиликда уни назорат қилишини билиб туриб шу ишга қўл ургани, бўлиб ҳам вазир даражасигамас, унинг маслаҳатчиси сифатида фаолиятини давом эттиришга рози бўлгани ўта ғайритабиий ҳодиса бўлса керак.

Билмадим, балки собиқ депутат мендан фарқли ўлароқ бошқача фикрдадир. Кушербаев бугунги парламент ва суд ҳокимиятининг вазирлик ва ҳокимлик олдидаги ўрнини жуда яхши билади, балки, у бу қарорни мансаб пиллапоясидаги шўнғишни эмас, аксинча ўсишни кўрган бўлиши ҳам мумкин. Зотан, собиқ депутат ўз тажрибасидан келиб чиқиб, янги Ўзбекистонда де-факто кимлар кимни назорат қилишини жуда яхши билади.

Бу тайинловга оид бошқа мулоҳазалар ва хавотирлар ҳам йўқ эмас: Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси шамол қайси томондан эсаётганини ва келажак қандай кўринишда бўлишини аниқ билган ҳолда, фурсат борида фаолликни йиғиштириб қўйишни мақсад қилган. Ҳар ҳолда, у эндиликда ўзини ўзи танқид қилиб юрмаса керак (яна ким билсин, "эскиларни" танқид қилиб "очко" олиш бугунги кунда жуда кенг фойдаланадиган сиёсий тактика ҳисобланади, аммо бу тактиканинг ҳам умри қисқа — нари борса, 3 йил муваффақият олиб келиши мумкин, холос).

Нима бўлганда ҳам, бу воқеа, кўпчилик томондан жиддий эътибор беришга лойиқмас деб кўрилаётган бўлса-да, Ўзбекистон сиёсатида янги саҳифа очиб бериши аниқ. 1990-йилги сиёсий фаолларнинг, айниқса депутатларнинг тақдири репрессиялар-у қувғинликлар билан боғлиқ эди, буниси эса бошқачароқ - келишиш ва ўз томонга оғдириш сиёсати томон қадам ташлаган Янги Ўзбекистонни ифодалаб берди.

@fayzboguz