Get Mystery Box with random crypto!

Ҳурматли Фарғона вилояти фуқаролари ва вилоятимиз меҳмонлари! | QUVASOY SHAHAR HOKIMLIGI

Ҳурматли Фарғона вилояти фуқаролари ва вилоятимиз меҳмонлари! Аҳолининг ижтимоий муаммоларини хал этиш, давлат ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатилувчи интерактив хизматлар кўламини янада кўпайтириш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги аҳоли манфаатлари учун мўлжалланган “Менинг Фарғонам” интерактив порталини жорий этди.

Ушбу портал ўзида ижтимоий муаммоларга тезкор ечим топиш, фуқаролар томонидан долзарб бўлган масалалар юзасидан таклифларни қабул қилиш, сўровномалар, интерактив мурожаатлар юбориш, сектор раҳбарлари фаолияти билан аҳоли қатламини таништириб бориш, аҳоли саломатлигини ўрганиш, бошқарув сервис компаниялари фаолияти ва виртуал туризм дастурларини ўз ичига олади.

Порталнинг дастлабки “Онлайн назорат” тизими фойдаланишга топширилди. Вилоятимиз аҳолиси ҳамда меҳмонларига фаол фуқаро сифатида маиший муаммоларини давлат ташкилотларига тўғридан тўғри етказиб бериш ва иш жараёнини кузатиб бориш имконияти яратилди. Тизимдан исталган платформалар ёрдамида қулай фойдаланишлари мумкин! Энди фуқаролар муаммони 2-3 амал билан давлат ташкилотларига етказиб бериш имкониятига эгалар.

Муаммо борми? Муаммо тоифасини танланг, расмга олиб юбориш тугмасини босинг ва бажарилган иш натижасини кутинг. Натижа қисқа муддатларда давлат ташкилотлари томонидан сизга электрон тарзда юборилади. Тизимда жами 70 дан ортиқ йўналишда маиший муаммолар бўйича кўриб чиқиш имконияти яратилган бўлиб, ҳар бир масалани сифатли ҳал этилиши бўйича вилоят ишчи гуруҳи томонидан доимий мониторинг юритилади. Муаммони назоратдан олиш эса фақатгина муаллиф томонидан амалга оширилади.

Тизимдан фойдаланиш учун веб браузердан my.fergana.uz манзилини киритинг ёки телефонингизга порталнинг мобил иловасини юклаб олинг, бундан ҳам осон йўли телеграм иловаси орқали onlaynnazorat_bot ҳаволасига ўтинг ва муаммо ҳақида хабар беринг, тизим сизнинг турган жойингизни автоматик аниқлайди сиз фақат муаммони расмга оласиз ва тўғридан тўғри масъул ижрочига юборасиз!

Ҳурматли фуқаролар вилоятимиз ободлиги учун ўз ҳиссангизни қўшинг!