Get Mystery Box with random crypto!

#ИСЛОМ_АСОСЛАРИ Жоннинг ҳақлари Инсоннинг бўйнида | Qur'on va Hadis

#ИСЛОМ_АСОСЛАРИ








Жоннинг ҳақлари


Инсоннинг бўйнидаги иккинчи ҳақ жоннинг ҳақидир. Агар сизга “Инсон бошқаларга нисбатан ўз жонига кўпроқ жабр қилади” — дейилса, балки ажабланарсиз? Чунки инсон ҳамма нарсадан ҳам ўзининг жонини яхши кўради. Ҳеч ким ўз жонига душман эмас. Лекин шу ҳақда бир оз фикр юритсангиз, унинг моҳиятини билиб оласиз.
Инсон табиатининг энг нозик жойи шуки, у ўзининг хоҳишига тўла бўйсунади. Натижада жонига келаётган зарарларга парво қилмайди. Бир одамни кўрасизки, у ароқхўрликка берилган бўлади. Ароқ йўлида жонини ҳам беради. Соғлигига, жонига, давлатига, обрўйига етаётган зарарларга парво қилмайди. Яна бир одам лаззатли таомларга ўч бўлади. Таомларнинг фойдалигини ҳам, фойдасизини ҳам еявериб, ўзини-ўзи ҳалок қилади. Учинчи одам эса, ўзининг нафсоний шаҳватларига берилиб, ҳалокатга олиб борадиган ишлар билан машғул бўлади. Яна бир одамнинг бор ғами жонини қутқариш, яна бири вужудини маънавиятини ривожлантиришга сарфлаб, ўз жонига душманларча муносабатда бўлади. Жони интилаётган истак ва лаззатларни йўқ қилишга уринади, шаҳвоний эҳтиёжларини қондиришдан бош тортади, уйланмайди, ейиш-ичишдан ҳам четлайди, хунук кийимларни кияди, умуман либосни ёқтирмайди. Ҳатто ўз назарида гуноҳларга ботган бу дунёда нафас олишни ҳам хоҳламай, худди бу дунё унинг учун яратилмагандай ғорларга чиқиб кетади. Ўз меъёрини билмайдиган одамлар тўғрисидаги кичкинагина мисол мана шу. Аслида бундай одамлар жуда кўп. Уларни ҳар қадамда учратиш мумкин.
Исломий шариат инсоннинг муваффақият қозонишини, бахтли бўлишини хоҳлаб, уни мустаҳкам ҳақиқатдан, яъни инсоннинг бўйнида жонининг ҳам ҳаққи борлигидан огоҳлантиради. Уни ароқ, наша, афюн ва шунга ўхшаш одамни кайф қиладиган нарсалардан, шунингдек ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва бошқа зарарли ва заҳарли, ифлос ҳайвонлар каби жонга зарар қиладиган нарсалардан қайтаради. Чунки бу нарсалар инсоннинг соғлиги, моддий ва маънавий қувватига ёмон таъсир қилади. Шариат буларнинг ўрнига инсонга фойдали, хушбўй нарсаларни ҳалол қилиб, улардан фойдаланишга ундайди.
Шариат инсонни тарки дунё қилишдан қайтаради. Уни Аллоҳ таолонинг бу дунёда яратиб қўйган зийнатларидан фойдаланишга, очиқ юриши баҳаёлик ҳисобланган аъзоларни беркитиб юришга буюради. Шариат инсонни тирикчилик ўтказиш учун ҳаракат қилишга ундаб, унга шундай дейди: “Уйингда бекор ўтираверма. Одамлардан тиланчилик ҳам қилма. Очингдан ўлма. Сенинг роҳатинг ва тарбиянг учун Аллоҳ яратиб қўйган еру осмонлардаги воситаларга етиш учун шаръий йўллар билан ҳаракат қил”.
Шаҳватни бутунлай йўқ қилиб юборишга рухсат бермайди, балки уни қондириш учун уйланишга буюради. Шариат инсонни жонини қийнашдан, уни ҳаёт фаровонлигидан маҳрум қилишдан қайтариб шундай дейди: “Модомики, сен маънавий тараққиётни, Аллоҳга яқин бўлишни ва охиратда муваффақият қозонишни хоҳлар экансан, бунинг учун тарки дунё қилишнинг ҳожати йўқ. Зеро, Аллоҳ таолони эслаш дунёнинг лаззатлари ва манфаатларидан фойдаланиш билан бирга бўлади. Аллоҳга гуноҳкор бўлишдан тийилиш, унинг қонуни ва шариатига бўйсуниш дунё ва охиратда зафар қозониш учун энг улуғ ва энг фойдали воситадир”.
Шариат инсонни ўз жонига қасд қилишдан қайтариб, шундай дейди: “Сенга берилган жон Аллоҳнинг мулки. Вақтинча ишлатиб туришинг учун сенга омонат қўйилган. Уни менсимаслигинг ёки ўз қўлинг билан ўлдиришинг мутлақо мумкин эмас”.







https://t.me/Quron6