Get Mystery Box with random crypto!

ИСЛОМ_АСОСЛАРИ Исломни ҳимоя қилиш Пировардида Аллоҳ банда | Qur'on va Hadis

ИСЛОМ_АСОСЛАРИ



Исломни ҳимоя қилиш

Пировардида Аллоҳ бандаларига Исломни ҳимоя этишларини фарз қилган. Бу ҳимоя гарчи Исломнинг рукнларидан бўлмаса-да, муҳим фарзидир. Бу нарса Қуръонда ва суннатда бир неча бор зикр этилган. Исломни ҳимоя қилиш нима ўзи? Нега Аллоҳ уни мусулмонларнинг зиммасига юклади? Буни мана бу мисолдан билиб олишингиз мумкин.
Бир киши сизга ўзининг муҳаббати — дўстлигини изҳор этди. Устингизга тушаётган ҳар бир фалокатдан унинг дўст эмаслиги, сизнинг қийинчиликларингизга парво қилмаётгани сезилди. У сизнинг фойда ёки зарарингизга аҳамият бераётгани йўқ. Сизга зарарли бўлган йўл билан шахсий манфаати учун амал қилишдан уялмаяпти. Сизга фойдали бўлган ишлардан эса, ўзига шахсий манфаат бўлмагани учун юз ўгиряпти. Мусибат вақтида сизга ёрдам бериш у ёқда турсин, душманларингизга шерик бўлиб, уларни шижоатлантирмоқда. Ҳеч бўлмаганда уларнинг ёмонлашларига бепарво қарамоқда. Душманларингизнинг сизга қарши уюштираётган ҳийлаларига ёрдам бермоқда. Ҳеч бўлмаганда уларнинг ҳийлаларидан сизни қутқаришни хоҳлаётгани йўқ. Сиз мана шундай кишини ўзингизга дўст деб биласизми? Унинг изҳор қилган муҳаббати ва дўстлигини тасдиқлайсизми? Йўқ, асло! У дўстлигини тил учидагина изҳор қилган, холос. Аслида эса, чин дилдан дўст эмас. Ҳақиқий дўстлик ўз дўстини чин дилдан яхши кўриш, унга ихлос қўйиш, ёрдам бериш, қийинчилигу, осончиликларда шерик бўлиш, душманларга қарши курашда ёрдам бериш, бошқаларнинг дўсти тўғрисида ёмон гаплар айтишига йўл қўймасликдир. Кимдаки шу фазилатлар бўлмас экан, унинг дўстлиги ёлғон, ўзи эса мунофиқдир.
Мусулмонман деб даъво қилганингизда ўзингизни мана шу мисолга таққосланг. Мусулмонлик исломий ҳамият, бутун вужуди билан иймонга келиш, берилиш, динни яхши кўриш, мусулмон биродарларга содиқ бўлиш, дунёдаги ҳар бир ишда Исломнинг ва мусулмонларнинг фойдасини кўзлаш, шахсий манфаатни кўзлаб ёки шахсий офатни даф қилиш учун Исломга зарар келтирадиган, унинг ҳукмларига зид бўлган бирор ишга қўл урмасликдир.
Шунингдек, мусулмон киши ўзидаги бор нарса моли, жони билан Ислом ва мусулмонларнинг фойдасига ҳисса қўшиши, уларга зарар қиладиган ишлардан ўзини тортиши, уларнинг ғалабасинигина ғалаба деб билиши, ўзининг хорлигига сабр қила олмаганидек уларнинг хор бўлишларига ҳам чидаб тура олмаслиги, уларнинг душманини ўз душманидек кўриши, уларнинг вужудини ўз вужудидек мудофаа қилиши лозим. Мусулмонман деб даъво қилган киши мана шу сифатларга эга бўлиши шарт. Йўқса, унинг тил учидаги даъвоси ёлғон, ўзи эса мунофиқ деб эътироф этилади.

Исломни ҳимоя қилиш Исломда машҳур бўлган “Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилмоқликдир”. Зеро, жиҳод сўзининг маъноси қайсидир ишда бор маҳоратни ишга солиб, ҳаракат қилмоқликдир. Шунинг учун ҳам Исломни ривожлантириш учун ўзидаги бор нарсани молни, жонни, қаламни, тилни ишга солиб, ҳаракат қилаётган ҳар бир киши умуман айтганда Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётган бўлади. Лекин жиҳоднинг хусусий маъноси мусулмонлар холис Парвардигорларининг юзи учун, ҳеч қандай дунёвий фойдани кўзламасдан Ислом душманларига қарши қилаётган урушларидир. Бу жиҳод исломий шариатда фарзи кифоя бўлиб, гарчи барча мусулмонларнинг зиммаларига юкланган бўлса ҳам, уларнинг бир нечаси адо этиши билан қолганларидан соқит бўлади. Аммо мабодо душман қайсидир мамлакатга ҳужум қилса, ўша мамлакатдаги мусулмонларга жиҳод қилиш намоз ва рўзадек фарзи айн бўлиб қолади. Агар у мамлакатнинг мудофаасига кучи етмаса, уларга моддий ва одамлар билан ёрдам бериш қўшни мамлакат мусулмонларига вожиб. Агар шунда ҳам душманнинг ҳужуми босилмаса, бутун дунёдаги мусулмонларга уларга ёрдам бериш намоз ва рўзадек фарзи айн бўлиб қолади. Кимки ёрдамдан бош тортса, гуноҳкор бўлади. Мана шундай ҳолатларда Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш рўзадан ҳам аҳамиятлироқ бўлиб қолади.
   Зеро, иймон жиҳодда синалади. Ҳатто бошига қийинчилик ва офат тушганда ҳам Исломга ёрдам бермаган, мусулмонлар билан бирга жиҳод қилмаган кишининг мўмин-мусулмонлигига шубҳа бор.