Get Mystery Box with random crypto!

#ИСЛОМ_АСОСЛАРИ Намоз    Исломнинг биринчи рукни намозди | Qur'on va Hadis

#ИСЛОМ_АСОСЛАРИ





Намоз

   Исломнинг биринчи рукни намоздир. Моҳияти жиҳатидан намоз ҳар кеча-кундузда беш марта тил ва амал билан қилинадиган ибодатдир. Эрталаб уйғонганингиздан кейин бошқа ишга машғул бўлмай туриб, покиза ҳолатда Парвардигорингизнинг қўл остида гавдаланасиз. Туриб, ўтириб, рукуъ ва сажда қилиб, Аллоҳга банда эканингизга иқрор бўласиз. Ундан ёрдам, ҳимоя сўрайсиз. Ўзингиз билан Раббингиз орасидаги алоқани яхшилайсиз. Унинг розилигига етиш, ғазабидан узоқлашиш каби мақсадларингизни бир неча марта такрорлайсиз. Аллоҳнинг каломини ўқийсиз, Пайғамбарининг ҳақиқийлигига гувоҳлик берасиз, бир куни Унинг маҳкамасига қайтиб боришингизни ва у ерда ўзингизга тегишли жазо олишингизни эслайсиз. Мана шундай қилиб, кунингиз бошланади. Соатлаб ишларингиз билан машғул бўласиз. Кейин сизни муаззин Аллоҳни эслашга, ғафлатда қолмай, яна бир марта дарсингизни қайтаришга чақиради. Ўрнингиздан туриб, яна бир марта иймонингизни янгилайсиз. Сўнгра яна дунёга қайтиб, унинг ишлари билан машғул бўласиз. Бир неча соатдан кейин муаззин учинчи марта аср намозига чақиради. Кун қайтиб, кеч кирганда кунингизни нима билан бошлаган бўлсангиз, тунингизни ҳам ўша билан бошлайсиз. Яъни, кечки дарсдан ғафлатда қолмаслик учун Аллоҳни эслаб, унга ибодат қиласиз. Озгинадан сўнг ухлашдан олдинроқ хуфтон намозини ўқиш билан охирги марта Парвардигорингизни эслайсиз. Кечки сокинликдан фойдаланиб, кундузги шовқин-суронлардан ҳордиқ чиқарасиз.
    Намоз ҳар куни беш марта динимизнинг пойдеворини мустаҳкамлаб туради ва сизни мазкур ҳақиқий, катта ибодатга тайёрлайди. Намоз сизга доимо софдиллик, очиқ кўнгиллик, хушхулқлик ва яхши ишлардан иборат бўлган эътиқодларни эслатиб туради. Таҳорат олишда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўргатган калималарини ўқийсиз. Шундай қилишингиз Пайғамбар алайҳиссаломга итоат этишни ўзингизга вожиб деб билишингиз эмасми? Намоз ўқиётганингизда нега Қуръонни қасддан хато ўқимайсиз? Мана шунинг ўзи Қуръонни Аллоҳнинг китоби эканига ишонишингиз эмасми? Намозни Пайғамбар алайҳиссаломнинг таълимига хилоф равишда ўқишдан ёки умуман ўқимасликдан нега қўрқасиз? Ахир сизнинг нима ўқиётганингизни ёки ўқимаётганингизни текширадиган ҳеч ким йўқ-ку! Мана шунинг ўзи Аллоҳнинг сизни эшитиб туришига, махфий қилиб ўқиганингизда ҳам ундан яшира олмаслигингизга ишонишингиз эмасми? Ҳеч ким йўқ жойда сизни ким уйқудан уйғотиб, намозга чорлайди? Аллоҳнинг сизни кўриб туришига эътиқод қилишингиз эмасми? Барча машғулотингизни ташлаб, намозга шошилишга сизни нима мажбур қилади? Аллоҳ таолонинг сизга мана шу намозни фарз қилганини ҳис этишингиз эмасми? Қиш кунларида эрталаб, ёзда айни кун қизиган паллада, ҳар кеча ўйин-кулгу вақтида сизни намоз ўқишга нима мажбур қилади Бурчингизни ҳис этишингиз эмасми Қасддан ўқимаслик
ёки хато қилишдан нега қўрқасиз Бунинг Аллоҳдан ва қиёмат куни унинг қўл остида туришдан қўрқишингиздан ҳам бошқа сабаби борми? Энди менга айтинг-чи, кишини ҳақиқий мусулмон қилиш учун намоздан ҳам яхшироқ тарбия бўлиши мумкин-ми? Ҳар куни Аллоҳни эслаб туриш, Ундан қўрқиш, У Зотнинг ҳар нарсадан хабардор, билимдон эканига ишониш, қиёмат кунида унинг маҳкамасида ҳозир бўлишга эътиқод қилиш, ҳар кеча-кундузда Пайғамбар алайҳиссаломга бир неча марта итоат этиш ва мана шулардан кейин дунёвий ишлар билан машғул бўлишдан кўра яхшироқ тарбия бўлиши мумкинми? Масжиддан чиққан одам Аллоҳдан қўрқиши, Унинг қонунига итоат этиши, шайтон чиройли қилиб кўрсатаётган ҳар бир хатода Аллоҳни кўриб турганини, ундан ҳеч нарса махфий бўлолмаслигини эслаши лозим. Мана шундай олий тарбиядан кейин ҳам инсоннинг Аллоҳдан қўрқмаслиги, гуноҳ қилиши, Унинг ҳукмидан бош тортишига сабаб тарбиянинг камчилиги эмас, балки инсоннинг ўзидаги, табиатидаги нуқсон, бузуқлик, ёмонликдир.
    Яна Аллоҳ таоло мусулмонларнинг жамоа бўлиб намоз ўқишларини таъкидлаб, уларга ҳафтада бир марта жума намозини фарз қилади. Жамоа бўлиб намоз ўқиш мусулмонларни бирлаштиради, уларни бир-бирларига дўст, биродар қилиб, улардан бирлашган халқни ташкил
этади.