Get Mystery Box with random crypto!

ЖАННАТ СИЗ КАБИ ҚАЛБИ САЛИМ ИНСОНЛАРГА МУШТОҚ Ҳайит табриклар | Qoriravot masjidi ʳᵃˢᵐⁱʸ ᵏᵃⁿᵃˡ

ЖАННАТ СИЗ КАБИ ҚАЛБИ САЛИМ ИНСОНЛАРГА МУШТОҚ

Ҳайит табрикларини кўриб, ич-ичимдан хурсанд бўламан. Бу уммат кишиларининг айримларида бошқаларига нисбатан баъзи масалалар сабабли гина кудуратлар бор бўлсада, ҳайит кунлари шу нарсаларни бир четга суриб қўйиб, ҳаммани умумий табриклашади. Мен барча биродарларимизни гарчи улар айрим фаръий масалаларда ўзаро ихтилофда бўлишсада, уларнинг барчаларини жаннатийлардан деб умид қиламан. Ҳа, – ақидавий бўлсин ёки фиқҳий бўлсин, айрим фаръий масалаларда – ихтилофда бўлсакда, Роббимиз, Пайғамбаримиз, Китобимиз, қибламиз, ҳайитимиз, жаннатимиз каби асосий масалаларда иттифоқдамиз. Демак, асосий масалаларда бир эканмиз, айрим фаръий масалалардаги ихтилофларга кўз юмиб, бирлигимизни сақлаб, иттифоқда яшасак бўлади. Чунки ҳайит табрикларида ана шу руҳиятни кўряпмиз.

Ҳайит кунидаги хурсандчилик ҳолатлари жаннатийларнинг ҳолатини эслатди. Қиёмат бўлганида жаннатга киришдан олдин жаннатийларнинг дилларидан бир-бирларига бўлган гина-кудуратлар ва ғиллу ғашликлар олиб ташланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

Биз (жаннатдаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига юзма-юз ўтирганларнинг дилларидаги гина (ва адоватлар)ни чиқариб ташлагаймиз. (Ҳижр сураси, 47-оят)

Дилларидаги (ўзаро) адоват (тўйғулари)ни суғуриб ташлаймиз. Остиларидан анҳорлар оқажак. (Аъроф сураси, 43-оят)

Яъни, уларнинг дилларидаги ғиллу ғашликларни чиқариб ташлаймиз. Улар сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўлтирурлар.

Инсон қанчалик моддий роҳат-фароғатга эришмасин, агар кўнглида бир оз ғашлик бўлса, унга ўша роҳат-фароғат татимайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила тақводор бандаларини жаннатига киритар экан, агар уларнинг дилларида ғашликлар, яъни, ҳиқду ҳасад, адоват ва кўра олмаслик каби айрим иллатлар бўлса, шу иллатларни чиқариб ташлайди ва аҳли жаннатнинг дилларида бир-бирига нисбатан ҳеч қандай ғиллу ғашлик қолмайди.

*Азизлар! Аҳли суннани фақат ўзимизники қилиб олмасдан, бироз кенгроқ олайлик. Шаҳодат калимасини айтиб турган кишини аҳли суннадан деб билайлик. Жаннатни ҳам кенгроқ олаверайлик. Аллоҳ таоло жаннатни “кенглиги осмонлару ерга тенг” деб васф қилган. Бу оятда жаннатнинг эни васф қилиняпти. Биз биламизки, майдонларнинг эни ва бўйи бўлади. Одатда эни бўйига нисбатан қисқароқ бўлади. Жаннатнинг эни осмонлару ерга тенглаштириляпти. Етти осмон ва ер ёнма-ён қўйилганда ҳам жаннатнинг энига тенг келмас экан. Энди унинг бўйи, узунлиги қанчалар бўлишини тасаввур қилаверинг.

Билдикки, жаннат аҳли жаннатга киргач, уларнинг қалбида ҳеч қандай иллат қолмас экан. Ҳатто дунёда ўзаро адоватда бўлганлар ҳам жаннатга киргач, адоватлари барҳам топади. Жаннат – муҳаббат диёри. У ерда буғзу адоват ва талашиб-тортишишга ўрин йўқ. Шундай экан, агар қалбимизда бирор биродаримизга нисбатан адоватимиз бўлса, кечириб юборайлик. Ҳаёт жуда ҳам қисқа. Уни қалб иллатларидан бўлган кек сақлаш, ҳасад қилиш, нафрат ва буғзу адоватларни сочиш каби ишларга сарфлаш муносиб эмас. Тез кунда биз ҳам хотирага айланамиз. Табассум қилинг, сизга ёмонлик қилганларга нисбатан кечиримли бўлинг, уларнинг ҳаққига хайрли дуо қилинг. Чунки жаннат сиз каби соғлом қалбларга муштоқдир!

Қудратуллоҳ Сидиқметов

«Ҳикматлар чашмаси»дан


https://t.me/Qorirovotuz