Get Mystery Box with random crypto!

Учрашув Октабр ойи бўлишига қарамай, кун жуда иссиқ, ғир этга | Qisqa Hikoyalar

Учрашув

Октабр ойи бўлишига қарамай, кун жуда иссиқ, ғир этган шабада йўқ. Дарсга киришдан олдин телефоним жиринглаб қолди. Нотаниш рақам. Гўшакнинг у тарафидан таниш овоз эшитилди. Қўлларим титраб кетди, беиҳтиёр салом бердим.
-Ва алейкум ассалом. Яхшимисан, ўқишларинг яхшими?
-Ҳа раҳмат, яхши.
-Мен шаҳарга иш билан келгандим. Сенга гапим бор эди. Дарсинг қачон тугайди?
-Дарс тугашига қирқ дақиқа вақт бор.
-Яхши, мен йўлингдаги кутубхона олдида кутиб тураман.
Дарсда, ундан сўнг кутубхонага етиб боргунча ўйландим, нима гапи бўлиши мумкин, ахир шунча вақт хабар олмасдан энди нега мен билан кўришмоқчи?! Юрагим энтикиб кетяпти, аммо оёғим тортмаяпти... Ана уларни кўрдим. Ёнига боргач, на салом беришни ва на бир сўз дейишимни билмасдан ерга қараб туравердим.
-Яхшимисан, ўқишларинг бўляптими? Уйингдагилар ҳаммаси яхшими?
-Ҳа раҳмат. Ҳаммаси жойида.
Беш дақиқача бўлган ўнғайсиз суҳбатда режаларим ҳақида суриштирди, маслахат бергандай бўлди.
-Бу сенга, кеч бўлсаям ҳайитлик-деб, бир даста пул узатди.
Негадир чўчиб кетдим.
-Йўқ раҳмат, керакмас-деб, орқага чекиндим. У пулни қўлимга тутқазди.
-Биласанку, менга қуёшда кўп юриш мумкинмас. Шундоқ ҳам кун жуда иссиқ экан, кўчада кўп юрдим. Тезроқ қишлоққа етиб олишим керак.
У кетди, ортидан қараб қолдим. Негадир... раҳмим келди, шунча йиллик соғинчим ва болаларча беқарор туйғуларимга раҳмим келди. Овозим борича бақириб юбордим деб ўйлабман. Йўқ, аслида, шивирлаб айтган эканман:
"Соғинганман, дадажон кетманг!"

Ҳулкар Эъзоз

Qisqa_hikoyalar1