Get Mystery Box with random crypto!

-Таниш, бу- Инзилья, уйимизнинг бош ошпази, Иракли-ҳайдовчи | Qisqa Hikoyalar

-Таниш, бу- Инзилья, уйимизнинг бош ошпази, Иракли-ҳайдовчимиз, Акил- хўжалик ишларига қарайди, боғбонлар билан танишишинг шартмас, улар сал кейинроқ келишади. Эшик тагида ўтирадиган- Боря, бирон нима керак бўлса-Рамисга айтасан. Эслаб қолдингми?! Ҳа айтганча яна иккита ҳизматчи қиз ҳам бор, тўғриси уларни ўзим ҳам танимайман...
Эри таништираётганда, Саида ҳар бир чеҳрага узоқ тикилиб қолди. Кейин эрининг кетидан ичкарига кириб кетди:
-Нега биронта ўзбек йўқ, булар билан қандай гаплашаман?!
-Акил- қозоқ, Инзилья ва Рамис татар, гапингни тушунишади. Қолгани билан гаплашишинг шартмас деб ўйлайман...
Саида ўйланиб қолди...
Эри яна совуққон тусга кирган, йўқлигидаги таҳлаб қўйилган хужжатларни пала-партиш тарзда очиб-очиб, столга ташлаётган эди.
Саида ётоқхонага қараб кириб кетди. Бир оздан сўнг кимдир қаттиқ тикилиб турганини сезиб, ўгирилди:
-Уй сенга ёқди?! Бўлади?!
Бу боя эри бош ошпаз деб таништиргани Инзилья эди.
Саида бош силкиб тасдиқлаган бўлди.
-Яхшироқ танишамиз, Тушасан пастка?!
Саида "хўп" деб яна ноқулай вазиятини сездирмаслик учун юк сумкалари устига эгилди.
-Сан тегма, биз қўяди уни жойлаб... Ана кизлар бор, киради, жойлайди...
-Хўп, майли кетишингиз мумкин, сизга ишим йўқ.
"Бемалол" дегандек Инзилья чиқиб кетди. Саида унинг совуқ нигоҳларидан титраб кетди.
"Қандай у билан танишгани пастга тушсин, нигоҳларига икки минут зўрға дош берди-ку!"
Эри кечга яқин толиқиб ётоққа кирди:
-"Саик" шундай елкамни уқалаб юбор, қотиб қолди нимагадир...
-Нима у "Саик" янги от қўйдингизми?!
-Ҳа, нимаси ёмон?!
-Бирон бир маъноси йўқ-ку?
-Саида ва Икромни қисқартмаси сенга насиб қилди, ўзим эски исмимда юриб тураман...
Саида кулди, "ўзим сизга бир исм топиб бераман, эшитиб ёқа ушлайсиз!"
-Қани, қани?! исм топ-чи...
Биргалашиб кулишди...

***
Саидасиз бир ойдан кўп вақт ўтиб, уй бироз ғамгинлашган эди. Саодат хола кўчада баъзида қизининг ўртоғи Дилдорани кўриб қолади.
"Мана шулар юришибди-ку, худди эр қуриб қолгандек дадаси- қизини тўғри келганга узатди, қўйди. Задаси қайнаб уйга кирди, айвонда чой ичиб ўтирган эрига терс юриб уйга кириб кетди.
Дами қайтиб, яна қайтиб чиқди:
-Жаҳлизам бор бўлсин дадаси, бир бола кўрмайдиган, бировни боласини овутиб юрганга- қизизи бердиз-қўйдиз а?! Вой энди Саидам нима қилади?!, пул- бола бўлмаса, қўйнингга тўлгани билан иситмаса, вой болам шўрлиг-а?!- жавраб-жавраб уйга яна қайтиб кирди. Саидага маҳр пулига қўшиб берилган кафтча чиқадиган икки қуйма олтинни кўтариб чиқиб, қарсиллатиб отди.
Бўлаклар бири дарахтга бориб тегди, бири "шалоп" этиб ариққа тушди.
-Ҳее тиллойингам, давлатингам бошингдан қолсин!

Наби ака "тавба" деб туриб келиб, аёлини елкасига қўлини қўйди. Тўйиб турган она- соғинчдан эзилиб, эзилиб йиғлади...

Давоми бор...