Get Mystery Box with random crypto!

Умр шундай кечади... Бир гуруҳ кулфатлар тижорат мақсадида чет | 💫QALBIMIZ OVOZI💫

Умр шундай кечади...
Бир гуруҳ кулфатлар тижорат мақсадида чет элга боришибди. Сайёҳлари кўп шаҳарнинг саксон қаватли мехмонхонасида етмиш бешинчи қаватда жойлашишибди. Пастки қаватда жой қолмаган эди. Юқорида хаво тозалиги, шаҳарни томоша қилиш қулайлигини ўйлаб, шу қаватда қолишга рози бўлишди. "Аммо, - дея огоҳлантирди мехмонхона ходими уларни, - шуни эслатиб қўйишим лозимки, ички тартибимизга кўра, кеч соат ўн бирдан эрталабки еттигача лифт ишламайди. Шунинг учун соат ўн биргача хонангизга чиқиб олишни унутманг".
Улфатлар биринчи ва иккинчи кунлари айтилган вақтгача ишларини тугатиб, хоналарига кўтарилиб олишди. Аммо учинчи куни кўнгилочар базмда узоқроқ қолиб кетишди. Мехмонхонага қайтишганида, соат ўн бирдан ўн дақиқа ўтган эди. Хизматчилардан илтимос қилишди, фойдаси бўлмади. Чунки лифт автоматик тарздаўчар экан. Пастда қолишнинг ҳам иложи йўқ, етмиш бешинчи қаватда пиёда чиқиш эса азоб. Шунда биттаси:"келинглар, секин сухбатлашиб чиқиб кетаверамиз. Аввалги йигирма беш қаватда латифа айтамиз, ҳазил-ҳузул қиламиз. Кейинги йигирма беш қаватда ҳаётий ҳикоялардан суҳбатлашамиз. Охирги йигирма беш қаватда эса, қўрқинчли воқеалардан гаплашамиз. Қарабсизларки, хонамизга етиб олганимизни билмай қоламиз", деди. Шундай қилиб, енгилроқ бўлиш учун кўзларига арзимас ва арзон кўринган нарсаларни пастда - меҳмонхона эшик оғасида қолдириб, юқорига кўтарилишди.
Дарҳақиқат, қизиқ- қизиқ ҳангомалар билан дастлабки йигирма беш қават анча тез босиб ўтилди. Кейин жиддий воқеаларнинг, мардлик қиссаларининг гали келди. Улфатлар иккинчи босқични ҳам амаллаб ортда қолдиришди. Сўнгги йигирма беш қаватни фожеа ва ғам- ғуссага тўла ҳикоялар, юракни эзадиган алам, мусибат, ҳиёнат, касаллик ҳақидаги қиссаларни айтиб, минг машаққат билан босиб ўтишди. Ниҳоят, миллатлари қуриб, ҳансираб, тиллари оғизларидан осилиб, эшиклари олдига етиб келишди. Шунда улардан бири ўша куннинг ЭНГ мусибатли қиссасини айтди: "Калит пастда қолиб кетибди!"
Сулаймон Ориф

Хулоса ўзингиздан...