2021-05-25 06:30:58
#Намоз_аҳкомлари
НАМОЗНИНГ КАЙФИЯТИ ҲАҚИДА 1
1) Намоз неча қисмга тақсимланади?
Икки қисмга: амаллар ва сўзларга тақсимланади. У иккисининг фарз, вожиб, суннат ва мандублари бор.
2) Намозда фарзни тарк қилган кишининг ҳукми нима?
Намоз ўқувчи намозида узрсиз ҳолда бирор фарзни тарк қилса, намози бузилади ва уни қайта ўқиш лозим бўлади.
3) Намозида вожиблардан бирини тарк қилган кишининг ҳукми нима?
Унга намозидаги бу нуқсонини тўлдириш учун саҳв саждасини қилиш лозим бўлади.
4) Намознинг суннатларидан бирини тарк қилган кишининг ҳукми нима?
Суннатни қасддан тарк қилиш макруҳ. Суннатни бажарган киши савобга эришади. Намозда уни тарк қилган киши намозни қайта ўқимайди.
5) Намозида мандубни тарк қилган кишининг ҳукми нима?
Мандубни тарк қилган киши айбланмайди. Чунки у намознинг одоби ва мустаҳабидир.
6) Намознинг шартлари нималар?
Катта ва кичик бетаҳоратликдан пок бўлиш;
Бадан, кийим ва намоз ўқиш жойининг нажосатлардан пок бўлиши;
Сатри аврат, яъни аврат жойларининг тўсилган бўлиши;
Қиблага юзланиш;
Фарз намози учун тайин қилинган вақтнинг кириши;
Ният қилиш.
Намозхон намозга киришдан олдин ният қилиб, ундан кейин такбири таҳримани айтиб, намозга киради.
7) Намоз ўрнининг поклигидан мақсад нима?
Қиём, қаъда ёки саждада намозхоннинг бадани тегиб турадиган жойнинг пок бўлиши. Намозхоннинг кўкрагининг тагида нажосат бўлиб, намоз ўқиётганида унинг баданига тегмаса, намози дуруст бўлади.
8) Агар намозхон нажосат бор жойга кийим тўшаса, лекин у кийим остидаги нажосатни ўзига шимиб олмаса, унинг намози дуруст бўладими?
Ҳа, унинг намози дуруст бўлади, умумий олганда қуруқ ер покдир. Лекин унда нажосатнинг асари зоҳир бўлса, нопок ҳисобланади.
9) Бир мусофир киши кийимидаги нажосатни кетказадиган нарса топа олмаса ёки нажосатни кетказишга одамлар олдида авратини очиш билангина қодир бўлса, нима қилади?
Ўша нажосат кийими билан намоз ўқийди. Кейин намозини қайта ўқиш унга лозим эмас. Бугунги кунимизда бунақа ҳолат кам учрайди. Агар у киши муқим (ўз шаҳрида яшаб турган) бўлса, гарчи намоз вақти зиқ бўлса ҳам ёки чиқиб кетса ҳам, нажосат кийими билан намоз ўқимайди.
10) Аврат нима?
Аврат луғатда айб ва нуқсондир.
Шариатда эса ёпиш вожиб бўлган ва унга назар солиш ҳаром бўлган аъзо.
11) Эркак ва аёлнинг аврати чегаралари қайсилар?
Эркак кишининг аврати киндик остидан то тиззасигача. Киндикнинг ўзи аврат эмас. Тизза эса авратдир. Чўрининг аврати эркакнинг аврати кабидир. Лекин унинг қорни ва елкаси ҳам авратдир.
Аёл кишининг аврати юзи, икки кафти ва икки қадамидан бошқа барча аъзоларидир. Баданни тўсиб турадиган кийим қалин бўлиб, терининг рангини тўсиб туриши вожиб бўлади. Кийим аврат бўлган аъзонинг ҳажми ва шаклини сифатлаб турадиган бўлиши макруҳдир. (Тор шим билан намоз ўқишга ўхшаш).
12) Аёл кишининг овози авратми?
Барча уламоларнинг наздида аёл кишининг овози аврат эмас. Чунки саҳобалар дин ҳукмларини ўрганиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларининг сўзларига қулоқ солганлар. Лекин аёлнинг завқли ва оҳангли овози ҳаромдир. Агар фитна хавфи бўлса, Қуръон тиловати бўлса ҳам ҳаром. Ҳанафийларнинг наздидаги афзалроқ гап ҳам шудир.
"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан.•┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•
ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!
Линкни босиб каналга обуна бўлинг! https://t.me/joinchat/QuLZ5QfJX6GzUkk_
17.1K viewsedited 03:30