2022-08-08 06:31:18
МИЛЛАТНИ ЗОМБИЛАШТИРМОҚЧИ БЎЛСАНГ АЁЛЛАРНИ, ОНАЛАРНИ ЗОМБИЛАШТИР
(Барча аёллар, айниқса эркаклар ўқисин. Тарқатинг)
Кимнингдир "Миллатни йўқ қилмоқчи бўлсанг, оналарни саводсиз қил" дегандай гапи бор эди.
Умуман бирон халқ, миллатни бузиш, йўқ қилиш ёки тараққиёт топтириш учун аёллар, оналар орқали ўтиш доҳиёна фикр. Эркаклар томонидан эркаклар учун қурилган жамиятларда аёлларнинг бир соҳада роллари бирламчи эканлигига кўпчилик эътибор бермайди.
Юртимизда 1990 йилларда шафқатсизларча бостирилган, йўқотилгани йўқотилиб, қолганлари қулай пайтни кутишлари учун инларига кириб кетган ҳизбчилар, ваҳобийлар, икромийлар ва ҳоказолар узоқ йиллар давомида жамиятни зомбилаштиришга уриниб келадилар.
Шу пайтгача улар асосан эркакларни зомбилаштиришга ва оила бошлиғи ўз оиласини зомбилаштиришига урғу бериб келдилар. Буям бир метод, аммо узоқ вақт оладиган, икки мартадан бирида ишламай қолиши мумкин бўлган метод ҳисобланади.
Сўнгги 5-6 йилларда очиқлик сиёсати шарофати билан инларида карахт бўлиб ётган радикалларнинг елкаларига қуёш теггач, ижтимоий тармоқлар орқали улар яна ҳаракатга кела бошладилар.
Уларнинг стиллари доимгидай: улар барчани-еврейларни, аёлларни, атеистларни, ўз ота-оналарини, айтганларини қилмаган мусулмонларни дискриминация қилишлари, ҳақоратлашлари, ерга уришлари, таҳдид қилиб қўрқитишлари мумкин, агар уларни сал танқид қилинса, "Вой дод, инсон ҳуқуқлари, менинг диний эркинликларим, Конституция, демократия деб умуминсоний қадриятларни баҳона қилиб, ортига яшириниб оладилар.
Ва ниҳоят улар сўнгги йилларда Яқин шарқ, Шимолий Африка ва Европанинг демократик давлатларида синовдан ўтган бир методни Ўзбекистонда қўллай бошладилар.
Бу аёлларни зомбилаштириш орқали жамиятни зомбилаштириш методи. Бу метод икки баробар самарали, кафолатли ва анча мустаҳкам ҳисобланади.
Аёллар ҳам одам, улар ҳам ўйлайди, фикрлайди, яхши яшашни хоҳлайди, манфаатларини ҳимоя қилади, орзу ва мақсадлари сари интилади.
Патриархал жамиятда ёзилган ва ёзилмаган қонун ва қоидалар эркаклар томонидан ва эркакларга мослаб тузилганлиги учун аёллар бу ишни вазиятдан келиб чиқиб амалга оширадилар.
Патриархат минг йиллардан бери давом этяпти, аёллар ҳали ҳам шу ерда. Улар жоҳиллик даврларида ҳам, уруш ва тинчлик замонларда ҳам, қолоқлик ва фаровонлик замонларда ҳам, диний радикал замонларда ҳам, атеистик ва коммунистик замонларда ҳам кунларини кўрганлар. Кўришга мажбурлар. Бу йўлда аёлларнинг кўплари дош бера олмай нобуд бўлади, кўплари бир умр қийинчилик ва хорликларда яшаб ўтади, кўплари жамиятга, мавжуд қоидаларга мослашиб, рўшноликда яшайди, камсонлилари эркакларнинг зўрлари орқали қолган эркаклардан устун бўлиб олиб, қудратга эришади.
Бу қисқача таҳлилий пауза эди.
Хуллас, советлар туфайли, замон туфайли, халқаро ҳамжамият туфайли Ўзбекистонда мукаммал бўлмаса-да аёллар нисбатан эркин жамият юзага келган ва бу радикаллар учун катта тўсиқ эди.
Бугунга келиб радикаллар, ўзбек жамиятини зомбилаштиришни истасалар бунинг учун аёллар орқали ўтишлари кераклигини англаб етдилар ва уларнинг пирлари бу ишни метод ва пухталик билан амалга оширмоқдалар.
Аёлларни қизиқтириш учун жамиятда диндор бўлиш, тақводор бўлиш фойдалироқ, кун кўриш, обрў қозониш учун қулай, фойдали эканлигини сингдириб борилади. Аёллар эса минг йиллик "кун кўриш ҳимоя инстинктлари" орқали жамиятда кун кўриш, юксалиш учун тақводор, солиҳа бўлиб кўринишим керак экан деган ғояни мияларига сингдирсалар, барчаси осон кўча бошлайди.
Буларнинг барчаси ижтимоий тармоқлардаги каналлар орқали "Жума муборак" табригини юборишдан бошланади. Дастлаб, буни юбориш шунчаки бир тилак бўлган бўлса, бориб бориб у мажбуриятга айланади. Ундан кейин туғилган кунни "Шукрона кун", "Уммат бўлган кун" деб айтиш урфга киради, кейинчалик шундай қилиб айтмаслик тақвосизлик, солиҳа эмаслик размига айланади.
3 views03:31