Get Mystery Box with random crypto!

«18-декабр халқаро мигрантлар куни» МУСОФИРДА ОМОНМИСИЗЛАР? | Qᴀʟᴀᴍ Sᴇʜʀɪ

«18-декабр халқаро мигрантлар
куни»


МУСОФИРДА ОМОНМИСИЗЛАР?

Сайраб-сайраб тарқади қушлар,
Кириб келди қаҳратон қишлар.
Тугамади лек сизда ишлар,
Кўзи ватан томонмисизлар,
Мусофирда омонмисизлар?

Ҳалол нонин совуқда ерсиз,
Ҳар соняда оилам дерсиз.
Арслонсиз, довюрак шерсиз,
Ўшал жасур ўғлонмисизлар,
Мусофирда омонмисизлар?

Тан-жонингиз сийпалар шамол,
Юрт томонга шўнғийди ҳаёл.
Кўзингизда ёшлар эҳтимол,
Ёки ранги сомонмисизлар,
Мусофирда омонмисизлар?

Тушлар ичра яшайсиз кулиб,
Иш бошланар тонг отмай туриб.
Бегонага бинолар қуриб,
Замонига ҳайронмисизлар,
Мусофирда омонмисизлар?

Соғинч ҳиссин билмайди ҳар ким,
Фақат сабр қилмайди ҳар ким.
Матонатли содиқ дўстларим,
Ҳамон шўх-у шодонмисизлар,
Мусофирда омонмисизлар?

Ҳали бирга даврон сурилар,
Бир қаторда кулиб турилар.
Юртда ҳам кўп уйлар қурилар,
Қайтмоқ истаб ҳушёрмисизлар,
Мусофирда омонмисизлар?

Қайғуларни тўлдириб жонга,
Қийинчилик аритмай танга.
Қайтинг энди гўзал ватанга,
Кўзи юрти томонмисизлар,
Мусофирда омонмисизлар?

Абрамбек Азимов