Get Mystery Box with random crypto!

Эркаклар қачон йиғлайди? Бир киши донишманддан: «Эркаклар ҳам | Психомотивация

Эркаклар қачон йиғлайди?

Бир киши донишманддан: «Эркаклар ҳам йиғлайдими?», деб сўради.

Донишманд: «Ҳа, эркаклар ҳам йиғлайди», деб жавоб берди.

Ҳалиги киши: «Қачон йиғлайди?», деб сўради.

Шунда донишманд:

«Эркаклар, оналари вафот этганда йиғлайдилар.

Эркаклар, оталарини йўқотганда йиғлайдилар.

Эркаклар, фарзандларидан бирортаси касал бўлиб қолганда йиғлайдилар.

Эркаклар, қизларини турмушга бераётганда йиғлайдилар.

Эркаклар, ўғиллари эътироз билдирганда, итоатсизлик қилганда, ўзини катта олганда, қўполлик қилганда, бир сўз билан бўлса ҳам қалбларига озор етказганда йиғлайдилар.

Эркаклар, зулмга учраганларида, сиқилганларида, фарзандалари томонидан ҳурматсизлик кўрганларида йиғлайдилар.

Эркаклар, оила аъзоларининг моддий таъминотларини қилишдан ожиз бўлиб қолганларида, фарзандларидан бирортасига эҳтиёжлари тушиб қолганида йиғлайдилар.

Эркаклар, Ватанни соғинганда, яқинларидан узоқда бўлганда йиғлайдилар.

Эркаклар йиғлайдилар, лекин ҳамманинг кўз олдида эмас, балки қоронғу жойларда, ёмғир остида сайр қилаётганда, ёстиққа бош қўйганларида йиғлайдилар. Ҳа, улар атрофларидаги яқинларига сездирмасдан йиғлайдилар. Уларнинг кўз ёшлари ҳамма кўрадиган тарзда кўзларидан чиқиб яноқларига оқмайди, балки қалбларидан отилиб чиқиб, қалблари узра оқади. Бунинг асари эса, хўрсинишларида, кўз қарашларида, юзларини босган ажинларда, сочларига оралаган оқ толаларда, қўлларидаги титроқларда акс этади.

Эркаклар мана шундай йиғлайдилар», деди.

Шу ўринда муҳим маълумотни айтиб ўтсак, мўмин-мусулмоннинг кўзидан томадиган энг афзал ёш, Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёшидир.

Абу Умома Судай ибн Ажлон ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолога икки томчи ва икки оёқ изидан маҳбуброқ нарса йўқдир. Улар: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган ёш томчиси ва Аллоҳ йўлида тўкилган қон томчиси. Ҳамда Аллоҳ йўлида босилган қадам изи ва Аллоҳ фарзларидан бирини адо этиш учун босилган қадам изи», дедилар.

Имом Термизий ривоятлари.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан қўрқиб йиғлайдиган бандаларидан қилсин!

Манба: «Ҳар куни сизни қизиқтирадиган маълумот» саҳифасидан

Арабчадан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Islom.uz

@psixomotivatsiya каналини кузатиб боринг