2023-01-17 09:26:19
“Шаҳарнинг 30 фоизида электр энергияси етишмайди, ҳар қандай вақтда коллапс содир бўлиши мумкин”, деяпти Киев мэри. Бу — Россиянинг тўхтовсиз бомбалари остида ҳаёт кечиришга мажбур бўлаётган мамлакатда рўй бераётган ҳодиса.
Кимдир ташқи душмандан азият чекади, бизда эса ўзимизнинг ичимиздаги халқ душманлари касофати туфайли аҳвол бундан бешбаттар. Ўзбекистон аномал ёз, аномал қиш, аномал бошқарув, аномал ижрочилар ботқоғига ботиб кетяпти. 6 йил ичида жуда кўп нарсаларни ўзгартирса бўларди, энергетика муаммосини ҳам ҳал қилишга етарди шу вақт. Биздаги барча ижобий ўзгаришлар 2017-2020 йилларга тўғри келади, икки йилдан буён вокруг до около юрибмиз. Келажак ҳам мавҳум. Ваҳоланки, дунёдаги барча мамлакатлар билан очиқ дўстона муносабатдамиз, бозор иқтисодиёти йўлидан боряпмиз, бизга нисбатан ҳеч қандай чекловлар, санкциялар йўқ. Қанчадан-қанча мамлакатлар шундай шароитларни орзу қилади. Аммо шу пайтгача хорижий инвестициялар (Россия ва Хитойдаги ўғри муттаҳам "инвесторларни" назарда тутаётганим йўқ) киритилмади, одамлар иш билан таъминланмади, ойликлар ошмади, қиш муаммолари ҳал этилмади, монополия йўқ қилинмади, йилдан-йилга қимматчилик, инфляция ошиб боряпти, стабиллик йўқ, тартиб-интизом йўқ. Ҳатто ЖСТга ҳамон киролмадик..
Нормал давлатларда бундай коллапс учун ҳеч бўлмаса ҳукумат раҳбари жавобгарликни бўйнига олади ва истеъфо беради. Бизда эса биров мушугини пишт дегани йўқ, ҳатто ҳисобот ҳам сўрашмаяпти. 5 та партия бор, аммо ҳаммаси мудраб ётибди, гўё Ўзбекистонда кўп партиявийлик тузум эмас, балки коммунизм давридагидек ягона партия бошқаруви амалда. Бундан биён сиёсий импотент депутатлар ҳукуматга қатъий талаблар қўйиши керак: кейинги режалар қандай, ушбу глобал муаммоларни қайси йўл билан ҳал қилмоқчимиз, инфляция қачон камаяди — шу каби саволларга аниқ стратегиялар билан жавоб берилиши лозим.
6 йил — нормал дедлайн эди, энди қаттиққўллик билан бунинг ҳисоботини сўрашни бошлаш керак. Ишга бундай ёндашув билан нормал давлат қуриб бўлмайди, келажагимиз эса, бугунги глобал дунё ҳолатидан келиб чиқиб, борган сари хатарлидек кўриняпти.
@fayzboguz
8 viewsfridmfiter, 06:26