Get Mystery Box with random crypto!

Партиялар 'подъём' дейилишини кутишмоқда ​​​​Одам ёзмай, гапи | platforma.uz

Партиялар "подъём" дейилишини кутишмоқда

​​​​Одам ёзмай, гапирмай дейди лекин мажбур бўласан баъзан.   Сиёсий партияларимизни айтаман. Улар таътилга чиққан театрлар жамоаларидай жим. "Мавсум" бошлангандан кейин бири қўйиб, бири қовун туширишни бошлайди. Бутун ОАВ, ижтимоий тармоқларни уларнинг қичқириқлари босиб кетади.

Аммо ҳозирча улар уйқуда. Сиёсий-ижтимоий ҳаётимизда шунча воқеалар бўлаётир, на бир мунозара бор, на жўяли муносабат. Россия-Украина ёки Ғазо инқирозини қўйиб турайлик (Зотан, бу мавзуларда гапиришга мен партияларимиз салафларида сиёсий тафаккур ва маданият етишишига шубҳа билан қарайман) ҳатто миллий манфаатлар масаласида ҳам улар оғиз очишмайди. Худди қўлга ўргатилган беданадек ишора кутиб туришади.

Нима бизда миллий масалаларда фақат "Миллий тикланиш" партияси муносабат берсин, деган кўрсатма борми? Бошқалар, масалан, либералларимиз ёки эски компартиячилар вориси бўлган Халқ партияси, "Адолат" ёки Эко партиячилар учун миллий манфаатларимиз, тилимиз, маданиятимиз, умумий қилиб айтганда, Миллатимиз ва Давлатимиз шаъни бегонами?

Сиёсат деган ҳодисанинг асл негизида давлат ва халқ манфаатлари биринчи ўринда турмайдими? Халқинг, давлатинг ҳақида менсимай гапираётган, сенга тепадан қараб муносабат қилаётган одамга шартта-шартта жавоб қайтармайсанми, муҳтарам депутат ака. Ёки шуниям биров ёзиб, ўнта нуқтадан ўтказиб, ўқийдиган матнингни стираллаб бериши керакми?

Ижтимоий тармоқларда зиёлилар, оддий одамлар бундай муносабатга (россиялик депутатларнинг ўзбек мактаблари борасидаги чиқишлари) эътирозларини билдираётган бир пайтда шу халқнинг парламентдаги вакиллари бўлган ноибларимиз ўзбек тили ҳақидаги қонун ёки тахминий айтганда жамиятда ўзбек тилининг нуфузини кескин оширган яхшими ёки "миллатлараро муносабат тили"  мақомини ҳам ўйлаб кўришимиз керакми, давлат тилининг нуфузини ошириб юборсак, у ёқдагилар кўнгли оғриб қолмасмикан, дея истиҳолали гурунг қилиб ётган бўлади. Албатта, мен факт айнан шундай демоқчи эмасман. Аммо манзара моҳиятан шундай.

Бешта партия, 150 депутат... Бу дунё стандартларига тўлиқ жавоб берадиган статистика. Бироқ бир устозимиз "шакл бор, мазмун йўқ" деганидек, моҳияти бўш бўлган ҳар қандай "предмет" худди саробга ўхшайди...

Шундай экан, мулоҳаза қўзғайдиган бир савол туғилади: бизга йиллаб ишламайдиган, фақат сайлов жараёнида бўзчининг мокисидек у ёқдан-бу ёққа югириб қоладиган бешта партия ва улар ичидан сайланадиган 150 депутат керакми ёки давлат ва халқ учун жон куйдирадиган нари борса, иккита партия ҳамда сиёсий ва интеллектуал жиҳатдан етук, миллатпарвар кам сонли, сараланган депутатлар жамоаси шакллангани яхшими?

P/S: Келаси йил мамлакатимизда парламент сайловлари ўтказилади. Қанчадан-қанча одам овора бўлади, хориждан кузатувчилар таклиф этилади ва ҳаммаси учун халқ бюджетидан миллиард-миллиард сўм маблағ сарфланади. Ва ҳайратланарлиси, бу сайловлар одамни психологик жиҳатдан ўзидан шубҳаланадиган даражага олиб  келганига анча бўлган. Масалан мен, (кўпчилик десам ҳам хато бўлмайди) сайлов натижалари, қайси партия нечанчи ўринни олиши, жараёнда тахминан ким нималар дейишини олдиндан тасаввур қила оламан. Ва айни ҳолат мени табиатимда  ғайритабиий хислат - синчилик бормикин, деган хавотирга солади.

Бизни кузатишда давом этинг
@platformauzb
Батафсил: https://t.me/+UaAfANSlNTEwYmQy