Get Mystery Box with random crypto!

​​Бугунги Туркия атрофида нималар бўлмоқда? (Учи | platforma.uz

​​Бугунги Туркия атрофида нималар бўлмоқда?

(Учинчи мақола)

Бирон бир шахсни улуғлаш фикридан йироқман, аммо гап келганда шуни таъкидлаш жоизки, Эрдоған жуда катта тажрибага эга бўлган моҳир сиёсатчи. Ҳарқалай, у бошқараётган ҳукумат учун бу каби инқирозли вазият билан тўқнашиш биринчи марта эмас, ва ҳар гал Эрдоған масалани тўғри ҳал қилиб, вазиятдан чиқиб кетишни уддалаган.

Яъни, бундан келиб чиқиб айтмочиманки, бу сафар ҳам инқироз узоққа чўзилмайди, мухолифат уюштираётган норозиликлар ҳам Эрдоған ҳукумати вазиятни тиклаш учун янги механизм ва тезкор чораларни ишга тушириши билан ўз-ўзидан барҳам топади.

Шу сабабли, президент Эрдоғаннинг истеъфога чиқарилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шу билан бир қаторда, навбатдаги президент ва парламент сайловларини муддатидан олдин ўтказиш таклифи ҳам бекор қилинди ва Эрдоған уларнинг ўз вақтида, яъни 2023 йилда бўлиб ўтишини яна бир бор таъкидлади.

Ҳозирча Эрдоған мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, бироз сабр қилишга ва ҳукумат амалга ошираётган янги иқтисодий моделга ишонишга чақирди. Жумладан, амалга оширилган тезкор чоралар оқибатида 21 декабрда турк лирасининг долларга нисбатан қиймати кескин ўсиб бошлагани (30-40 % гача) ҳақида хабар тарқалди. Демак, инқироз ҳадемай орқада қолади.

Бу масала тўлалигича Тукияга тегишли бўлшига қарамасдан, мени барибир яна бир нарса ўйлантириб қўйди. Ўз орамизда юрган ёки ташқи доирадаги россияпарастлар доимо “туркийпараст”ларга тош отиб келишади. Аммо шуни тушуниб олишимиз жоизки, Туркиянинг заифлашиши ва ютқизиши, ўйлашимча, барча туркий давлатларнинг заифлашиши бўлиб қолади.

Хулоса тарзида яна ўша мени кўп ўйлантирадиган журналистика муаммосига қайтаман. Зеро, халқаро журналистика ёхуд халқаро шарҳловчилик ушбу соҳанинг энг муҳим йўналишларидан бири. Ахир, ҳеч бўлмаса бизга энг қизиқ бўлган халқаро воқеалар моҳиятини ёритиш ва уларни таҳлил қилиб бериш вазифасини ҳеч ким бекор қилгани йўқ-ку.

Аммо матбуотимизда бизни қониқтирадиган мақолани топмай, яна ўша бизнинг “миямизни икки марта чайқаб, уч марта ювиб ташлайдиган”, яъни фақат Кремль манфаатларини олға сурадиган манбаларга мурожаат қилишга мажбур бўлаверамиз.

Хуллас, ўша саволни ҳадеб такрорлайверамиз – Янги Ўзбекистонда замонавий журналистикани ривожлантириш ғоялари концепциясини ишлаб чиқишга ким жавобгар?

@platformauzb