Get Mystery Box with random crypto!

​​Бугунги Туркия атрофида нималар бўлмоқда? | platforma.uz

​​Бугунги Туркия атрофида нималар бўлмоқда?

(Биринчи мақола)

Кейинги ойларда жаҳон матбуотида Туркия яна молиявий инқирозга юз тутаётгани, лиранинг курси синаётгани ва, аксинча, инфляция, нарх-наво ва ишсизликнинг юқори суръатлар билан ўсаётгани, одамлар нон учун навбатга туришаётгани, Истанбул ва Анқара кўчаларида эса норозилик юришлари уюштирилаётгани ҳақида бири-биридан нохуш хабарлар тарқалиб бошлади.

Туркия Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган дунёдаги биринчи давлат. Сўнгра икки ўрта муносабатида совуқчилик ҳукм сургани ҳам рост гап. Аммо бу алоҳида мавзу, чунки қандай омиллар икки ўртага совуқчилик туширгани ҳақида ҳалигача бирон бир таҳлил бўлгани йўқ.

Мен айтмоқчи бўлганим, охирги йилларда Туркия энг яқин иқтисодий ҳамкорларимиздан бирига айланди (ташқи савдода 4-ўриндаги ҳамкоримиз). Бу мамлакат билан сиёсий яқинлик пайдо бўлди ва дўстона муносабатлар шаклланмоқда.

Шу сабабли Туркияда бўлиб ўтаётган жараёнлар халқимизда кучли қизиқиш уйғотиши табиий. Аммо негадир матбуотимизда Туркияда юзага келган вазиятнинг мағзини тушунтириб берадиган бирон шарҳни ёки таҳлилни кўрмадим. Бу ҳолни нима билан тушунтириш мумкин, шунчаки бефарқликми, сиёсий журъатсизликми ёки шарҳлаб бериш учун савиянинг етишмаслигими? Билмадим...

Ўз фикримни билдирадиган бўлсам, бир нарса аниқ – яъни қардош турк давлатидаги “лира қулаши” можаросига фақатгина оддий бир иқтисодий ёки молиявий масала сифатида қараш мутлақо нотўғри бўлади.

Чунки ушбу, бир қараганда оддий иқтисодий масала бўлиб кўринаётган, лира қулаши аслида анча мураккаб сиёсий жараёнга айланиб кетаётгани кун сайин аниқ бўлиб бормоқда. Боз устига, айрим ташқи давлатлар ҳамда ички мухолифат кучлар вазиятнинг янада чигаллашишига хайрихоҳ бўлаётган кўринади.

Шу аснода, мен бу постимда Туркиядаги вазиятнинг иқтисодий жиҳатлари эмас, балки сиёсий моҳиятига эътиборни қаратмоқчиман. Чунки иқтисодёти ҳажми 765 млрд. доллар бўлган, аллақачон “Катта йигирмалик”ка аъзо бўлган давлатларнинг аксариятини қувлаб ўтишга ҳамда ЯИМнинг жон бошига ўлчами бўйича бир қатор Европа мамлакатларини ортда қолдиришга муваффақ бўлган Туркия иқтисодиёти ўзини тезда тиклаб олишига ишончим комил.

Боз устига, бугунги кунга келиб, Туркия ЯИМ миқдори (харид лаёқати партитети бўйича ҳисобланганда) бўйича дунёда 11- ўринни, ЯИМнинг номинал ўлчами бўйича эса 20-ўринни эгаллаб турибди.

Хуллас, бир сўз билан айтганда, иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти ўсгани сайин Туркиянинг дунёдаги геосиёсий роли ҳам тобора кучайиб бормоқда. Аммо Анқаранинг халқаро майдондаги, айниқса, ислом дунёси ёки туркий давлатлар миқёсида таъсир кучи тобора ошиб бораётгани ўзини дунёнинг ҳукмрони ёки устуниман деб ўйлайдиган айрим куч марказларига мутлақо ёқмаётгани аниқ.

(Давоми бор)

@platformauzb