Get Mystery Box with random crypto!

​​Узрингни пишириб е!... Божхона тўловларидан воз кечиш ёки ун | platforma.uz

​​Узрингни пишириб е!... Божхона тўловларидан воз кечиш ёки уни пасайтириш вақти аллақачон келди...

“UzAuto Motors” компанияси 2021 йил 20 декабрдан 2022 йил 1 февралгача “Nexia", “Spark”, “Cobalt”, “Lacetti” автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатди.

Аслида дунё автосаноатида ҳам шундай ҳолатлар бўлиб турибди. Пандемия таъсирида кўплаб компаниялар ўз заводлари фаолиятини вақтинча тўхтатди ва натижада умумий ишлаб чиқариш занжирида узилиш кузатилмоқда. Нархлар ошяпти.

Лекин бошқа давлатлардаги ҳолатдан фарқли ўлароқ, бизнинг монополист компаниямизнинг деярли бир ярим ой янги шартномалар тузишни тўхтатиб туриши иккиламчи бозорда автомобиллар баҳосининг ҳаддан зиёд ошишига олиб келади. Буни оддий одам ҳам фахмлай олади.

Сабаби, ички бозоримизда соғлом рақобат учун деярли муҳит шаклланмаган. Яъни “Сен бўлмасанг бошқаси”, деб кетаверишга бизда танлов имконияти йўқ. Аниқроғи, импорт автомобиллар учун божхона тўловининг юқорилиги истеъмолчиларнинг муқобил вариантлардан фойдаланишига тўсқинлик қилади. Бу жиҳатдан “UzAuto Motors”нинг кўнгли тўқ.

“Соғлом рақобат борку, мана, бошқа компанияларнинг ҳам автомобиль заводлари очилган, маҳаллий бозорга маҳсулот етказиб беряпти”, дея келтириладиган асосларга эса тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Чунки улар ҳам оддий халқнинг чўнтаги кўтарадиган нархда машина таклиф қилаётгани йўқ. Қила олмайди ҳам.

Хўп, унда қачонгача “UzAuto Motors”нинг узрини эшитамиз, қош-қовоғига қараймиз? Агар ишлаб чиқаришда қийналаётган, талабга яраша таклифни таъминлаб бера олмаётган, оддий қилиб айтганда, қўлидан келмаётган бўлса, нега унга кўз тикиб ўтираверишимиз керак? Ваҳоланки, шу йил август ойида тадбиркорлар билан бўлган мулоқотда давлат раҳбари ҳам яна бир карра ушбу завод фаолиятига тўхталиб, берилган солиқ ва бошқа имтиёзларга қарамасдан у ҳеч қачон халқ манфаати учун хизмат қилмаганини таъкидлаганди.

Мен амалга ошишига ишонмасам-да, айтишни истардимки, бундай шароитда четдан кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловларини пасайтиришдан бошқа яхшироқ чора йўқ. Бу билан ҳақиқий рақобат юзага келади. Аҳоли учун танлов имконияти яратилади. “UzAuto Motors” ҳам мажбур ҳаёт учун курашади. Ҳукуматимиз ҳаммасига кўз юмиб, ушбу қадамни ташлашга журъат қила олса, ишонинг бу тарихий қарор тарихда қолади. Халқ бир умр миннатдор бўлади. Жуда қийин, аммо амалга оширса бўладиган чора. Хоҳиш бўлса кифоя...

@platformauzb