Get Mystery Box with random crypto!

​​Биз ҳануз тарихимизни кўрсата олмаяпмиз... Корея Республика | platforma.uz

​​Биз ҳануз тарихимизни кўрсата олмаяпмиз...

Корея Республикаси Президентининг Сеул шаҳридаги “Чонг Ва Дэ” қароргоҳида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросимига оид видеолавҳа ва суратларни томоша қила туриб, бир жиҳат алоҳида эътиборимни тортди. Фахрий қоровулга разм солдингизми, улар сафда ҳам қадимий, ҳам замонавий ҳарбий либосда эди. Қандай чиройли, қандай уйғун. Шундай эмасми?

Тўғриси, шу корейсларнинг ўз ўтмишини кўрсата билиш салоҳиятига ҳам қойил қолиш керак. Ўрганса арзийди. Масалан, тарихий мавзуда жуда кўплаб сериаллар ишлашган. Яқин-яқингача экранларимиздан тушмасди. Халқимизнинг аксарият қисми, каттаю кичик берилиб томоша қиларди. Энди шунчалик таъсир доирасига кириб қолгандикки, аҳолимизнинг кўпчилиги, афсуски, ўз тарихимизни чуқур билмаса ҳам Чосон, Когурё давлати ҳақида анча-мунча маълумотга эга бўлиб улгурганди. Болаларимиз ўзини Жумонг, Тангемдай тута бошлаганди.

Бунда, албатта, корейсларнинг айби йўқ. Бу — уларнинг ютуғи. Бизнинг эса энг катта камчилигимиз, оғриқли нуқтамиз эди. Камчиликки, бизда каттагина маънавий бўшлиқ бор эди (ҳозир ҳам у тўлдирилгани йўқ). Яъни, тарихий шахсларимизни кўрсатиб берадиган ижод намуналари етишмасди, ҳали-ҳамон етишмайди. Натижада ўғил-қизларимиз “мен Ибн Синоман”, “мен Жалолиддинман”, “Темурман”, дейиш ўрнига, “Тангемман”, “Жумонгман” дерди. Жиддийроқ туриб айтганда, биз учун бу катта фожиа аслида.

Шунинг учун ҳам давлатчилик тарихимизни чуқур ўрганиш, ҳаққоний ўрганиш, тарғиб қилиш, сериаллар шаклида халқимизга етказиш, дунёга кўрсатишнинг аҳамияти катта. Очиғи, киночиларимиз, маданият соҳасига қарайдиганларимиз, маънавиятчиларимиз бу борада ҳалигача бирор тузукроқ натижа кўрсатгани йўқ. Ваҳоланки, уларга давлатнинг қилаётган яхшилигию яратиб бераётган шароити қолмади менимча. Санаторий дейсизми, дам олиш зонасими, моддий рағбат, мукофот... Шунча ғамхўрликдан кейин ҳам бир нарсани қойиллатмай, уялмай бош кўтариб юришганига нима дейсиз.

Тўғри, экранларимизда миллий сериаллар кўпайди. Аммо уларда олиб чиқилаётган мавзуларга бир қаранг: қўшхотинлик, қайнотанинг келин билан дон олишиши (!), ўйнашлар, қуда-анда муносабатлари... Дод дегингиз келади. Нимани тарғиб қилишяпти ахир? Ит эгасини танимайди, билган одам билганини қилиб ётибди. Бунақада келажагимиз қандай бўлади?

Юқорида гапни фахрий қоровулдан бошлагандим. Шунга қайтсак. Нега биз ана шу анъанадан фойдаланмаймиз? Тақлид деманг асло. Шунчаки, ҳаёлимга келган фикрни айтяпман.

Жалолиддинни, Темур бобони тенги йўқ саркарда деймиз, қудратли армияси бўлганини гапирамиз. Ана ўша даврдаги либосларни бизнинг фахрий қоровул ҳам расмий маросимларда кийса нима бўлади? Буям тарихни кўрсатиш бўлмайдими? Майли, замонавий ҳарбий либосимиз ҳам турсин. Улар билан бирга отлиқ шаклидами, пиёда кўринишидами, тарихий кийимлардаги аскарларимиз ҳам саф тортса-а?.. Фикримча, ўтмишимиз, тарихий қудратимизни шу шаклда ҳам кўрсатсак зўр бўларди. У ҳар қанақасига кўз-кўз қилишга арзийди.

@platformauzb