Get Mystery Box with random crypto!

#назм Шояд, кўрсам сени эртага, тасодифан дуч келсанг, шояд. | PEGAS portali

#назм

Шояд, кўрсам сени эртага,
тасодифан дуч келсанг, шояд.
Кўрмаганга олиб жўрттага
ёнингдан жим ўтсам, ниҳоят.

Салом, десанг аста жилмайиб,
олов бўлиб сенга қарасам
ва негадир сўзларим тойиб
тутилганча ҳолинг сўрасам.

Атринга маст бўлсам, лаҳзада
оёғимдан жон чиқиб кетса.
Кўнглим тоғдай ўсиб, севинчдан
ғариб бошим кўкларга етса.

Сўзсиз қолсак, ўпкамиз тўлиб,
гиналарда иштибоҳ тўлса.
Висолимиз минг савоб бўлиб,
ҳижронимиз минг гуноҳ бўлса.

Кўзларингни тарк этса ашкинг,
сўнг сукунат чўкса ўртада...
Юрагимдан тўкилиб рашким,
шояд, кўрсам сени эртага.

Орифжон Комил

t.me/pegas_portali —
Ҳар лаҳза – илҳом вақти