Get Mystery Box with random crypto!

Мутолаа Мурод Муҳаммад Дўст ИСТЕЪФО (Қиссадан парчалар, дав | PAYARIQ HAYOTI | Rasmiy kanal

Мутолаа

Мурод Муҳаммад Дўст

ИСТЕЪФО

(Қиссадан парчалар, давоми)

Галатепанинг эски раиси Раим Ғайбаров бир замонлар Эломонов билан синаштага озроқ гурунг қилиб, охирида: сен шу кичикроқ амалингда турганинг маъқул, Саидмуродбой, деб айтган эди, бургут осмон бағирлаб учади, чумчуқ – ер бағирлаб, чангалинг юмшоқ кўринади, отанг Замонбой анчайин чўпон бўлсаям, синчилиги бор эди, сенда у сиёқдан йўқ, оз-моз сиёсатни ўрганганинг билан асли кўнгли бўш йигитсан, ҳозир-ку баҳарнав, лекин каттароқ амалга минсанг, кўп одамнинг тақдирига эш бўласан, ана ўшанда, биров сенга рост гапирмай қўядиган маҳал нима қиласан, оқни қорадан ўзинг ажратиб оларингга чоғинг етадими?
Саидмурод Эломонов, ҳали ёш раҳбар, билаги кучга, юраги ғайратга тўлган йигит, Раим Ғайбаровнинг гапларидан кулди: сизнинг йўриғингиз бошқа оқсоқол, ҳаммани ўзингизга менгзаманг-да, кўнгилни кенгроқ қилинг, оқсоқол, дунёда яхшилар кўп!..
Раим Ғайбаров бу гапни жўяли топди: гапинг маъқул, Саидмуродбой, деди, яхши одам ҳам бор, лекин ёмоннинг биридан ҳам Худо асрасин!
Саидмурод Эломонов тағин кулди. Ғайбаровнинг бошидаги яғир телпагига, қаримсиқ юзига қараб туриб: сизнинг тушунчаларингиз шахсингизга яраша, яъники – эскирган, деб жавоб қилди, сизга ҳеч ким мен билан бу оҳангда гаплашиш ҳуқуқини бермаган.
Раим Ғайбаров, рост айтасан, ҳуқуқим йўқ, деди, лекин холанг Каромат, жияним билан бир гаплашиб, чоғини билиб беринг, деб эди, мана, гаплашиб, кўрганимни ўзингга айтдим, Саидмуродбой!
Саидмурод Эломонов холасининг иримчилигидан ғижинди, айтдики, сизнинг гапингиз Галатепадан нарига чиқмайди, мен билан сиздан бошқа, каттароқлар ҳам гаплашиб кўрган.
Раим Ғайбаров, ўша каттароқлар сенга ростини айтмабди, Саидмуродбой, деди, меникиям бир гурунг, ёқмаган бўлсаям майли, тўртта фарзандим бор, шуларнинг биттаси гапимни олса, шунинг ўзи катта давлат, сиз энди боринг, Саидмуродбой, бориб катталар билан гаплашинг!
“Сен”лаб турган одамнинг бирдан “сиз”га ўтгани Саидмурод Эломоновга ёқмади, лекин индамай чиқиб кетди. Раим Ғайбаров ҳайҳотдек ҳовлисида, каллакланган тут остидаги супада қолаверди...

Раим Ғайбаров кекчи одам эди, қайтиб Эломонов билан кўнгил ёриб гаплашмади, то ўла-ўлгунича, уни кўрса бас, алик ўрнига, мартабангиз янаям улуғ бўлсин, Саидмуродбой, деб ўтди...
Худди у айтганидек, бориб-бориб ҳеч ким Эломоновга рост гапирмай қўйди. Ёмонлар балки қасддан рост гапирмагандир, лекин яхшилар ҳам индамади, кўзингни каттароқ оч, Эломонов, биргина сенинг ҳалоллигинг билан иш битмайди, атрофингдагилардан ҳам бохабар бўл, деб айтадиган марди майдон топилмади...

@PAYARIQHAYOTI_UZ