Get Mystery Box with random crypto!

​ Паст Дарғомда ёш китобхон нега кам? “ Ёш китобхон” республ | Past Darg‘omliklar 24 Расмий канали

Паст Дарғомда ёш китобхон нега кам?

“ Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг туман босқичи ниҳоясига етиб, ғолиблар мазкур танловнинг вилоят босқичига йўлланма олишди.
- Ушбу танлов низомга асосан 10-14, 15-19 ҳамда 20-30 ёшли китобхонлар ўртасида ўтказилди,- дейди “Ёшлар агентлиги” беш ташаббусни мувофиқлаштириш бўйича мутахассиси Эркин Қамаров. -Тест синовларидан етарли балл тўплаган иштирокчилар навбатдаги босқичларда ўз билимларини синаш имконига эга бўлишди.
10-14 ёшлилар ўртасида 8-мактаб ўқувчиси Валижон Болтаев, 15-19 ёшга доир 101- мактабдан Нилуфар Ҳусанова, 20-30 ёшлилар ўртасида эса Гўзалкент маҳалласилик, Самарқанд давлат университети икки босқич талабаси Маъруфжон Олимовлар танлов шартларидан муваффақиятли ўтиб, фахрли биринчи ўрин билан ғолибликни қўлга киритишди.
- “Ўзимдаги энг яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман”. Буюк адибнинг ушбу мангуликка дахлдор фикрлари бежизга адабиёт майдонларида ўз “сўзи”ни айтиб келаётган эмас. Чунки китоб мутолааси инсонни ҳаёт мушкулотларидан дадиллик билан чиқиб кетишга чорлайди, кўнгилга қувонч, руҳга озуқа бахш этади,- деди М. Олимов. – Танлов шартларидан бири бўлган “ Авлодлар довони” асари ғоявий мазмуни юзасидан фикрларимни билдирдим. Аммо учинчи босқичдаги мантиқий саволларга жавоб беришда бироз қийналдим. Мўъжазгина оилавий кутубхонамиз бор. Ҳозирда бу нурхонадаги бадиий адабиётлар сонини кўпайтиришга интилаяпман. Ҳозиргача қирққа яқин ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд бўлдим. Аммо бу уммондан бир томчи эканини, ҳали янада кўпроқ китоблар ўқишим заруратини синов пайтида ҳис этдим.
Танлов жараёнларини кузатамиз. Баъзи иштирокчиларнинг буюк Алишер Навоий ижоди, машҳур мемуар асар бўлмиш “ Бобурнома” асари ҳақидаги саволларга тўғри жавоб бера олмаётганлигига изоҳ топиш қийин. Дарвоқе, давлатимиз томонидан айниқса, ёш авлоднинг қобилиятларини юзага чиқариш, интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга, жумладан, уларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёш китобхонларга эътироф кўрсатилаётган бир пайтда, нега туманимизда ёш китобхонлар кам? Ёхуд танловда иштирок этаётган ёшлар қалбида нега кутилган билимлар натижаси йўқ?
- Танловнинг 15-19 ёш босқичида ғолиб бўлдим,- деди 101-мактаб ўқувчиси Н. Ҳусанова. – Бу эса менга катта масъулият юклаганини англадим. Баъзи ёшларнинг кўпроқ китобдан кўра, интернет тармоқлари билан ҳаддан ортиқ кўп “тиллашиш”ларига гувоҳ бўламан. Бўлар-бўлмас ўзанлар учун соатлаб вақт сарфлашади. Китобга кераксиз “матоҳ”дек қарайдиган тенгдошларимиз ҳам йўқ эмас. Гоҳида бу ҳолатга ота-онани ёки устозларни айбдордек баҳо берамиз. Лекин мутолаага ҳам хоҳиш аввало, инсоннинг кўнглида бўлиши керак, деб ўйлайман.
Дарҳақиқат, аслида маънавиятнинг бошланиши бу китоб мутолаасидир. Оиладан бошланган китобхонлик бизнинг назаримизда, ёш юракларда китобга, мутолаага бўлган қизиқишга пойдевор бўлади. Шу боис, фарзандига қимматбаҳо телефон, машиналар ўрнига оилавий кутубхона “ҳадя этган” ота-оналар афсусланишмайди, дилбанди келажагида эзгу мақсадлар рўёбини кўради. Мактаб кутубхонасига аввало, ўзи аъзо бўлиб, ўқувчисига намуна бўладиган устозлар доимо ўқувчиси муваффақиятидан фахрланиб юради.
Ҳадемай, мазкур танловнинг вилоят, республика босқичларига старт берилади. Пастдарғомлик ёш китобхонларга ҳам президент соврини насиб этсин.
Гулжаҳон МАРДОН қизи.

Бизга уланиш

@Pastdargom_24