Get Mystery Box with random crypto!

Барқарорликни йўқотган Марказий Осиё Марказий Осиё минтақаси | Diplomat (Sobirov)

Барқарорликни йўқотган Марказий Осиё

Марказий Осиё минтақаси 2022 йилгача дунёдаги энг барқарор ҳудудлардан бири эди. Чунки бу мамлакатларда давлат ҳокимияти ўта кучли бўлиб, ҳар қандай тартибсизлик бошланмасиданоқ тугатилган. Ҳукуматлар ҳам (Қирғизистондан ташқари) анча стабил ҳокимиятда турар эди.

Бироқ 2022 йил бошида минтақадаги энг барқарор давлатлардан деб кўрилувчи Қозоғистон тартибсизликлар олови ичида қолди. Суюлтирилган газ нархининг оширилишига жавобан бошланган намойишлар сиёсий тусга кириб, ҳукумат истеъфоси ва собиқ президент Назарбоевнинг сиёсатдан бутунлай кетишини талаб қила бошлади. Қозоғистонликларнинг норозилигига йиллаб давом этиб келаётган коррупция, бюрократия, непотизм, давлат пулларини ўмариш каби омиллар ҳам сабаб бўлди.

Воқеалар жиддийлашиб, сал қолса ҳукуматнинг қулашига олиб келиши мумкин эди. Аммо охиригача курашган Тўқаев иқтидорни сақлаб қолди. Бироқ у шундан сўнг мамлакатда жиддий ислоҳотларни бошлади. Конституцияга ижобий ўзгаришлар киритилди, давлат органларини тозалаш бошланди.

Май ойида эса аслида жуда барқарор бўлмаган Тожикистонда яна бир беқарорлик юз берди. 2021 йил ноябрда Хорогда Тожикистон ва помирликлар тўқнашуви юз бергандан кейин анча кескин вазият сақланиб қолган Тоғли Бадахшон автоном вилоятида яна тартибсизликлар бошланди. Улар 2021 йил ноябрь воқеалари сабаб ҳибсга олинган фаолларни озод қилиш ва тожик милицияси томонидан ўлдирилган уч кишининг иши бўйича тергов олиб боришни сўради.

Ўн кундан кўпроқ давом этган тартибсизлик натижасида 30-50 инсон ҳалок бўлди. Тожикистон Тоғли Бадахшонга ҳарбий қисмларини киритди. Бироқ муаммо тўла ҳал бўлмади.

Июнь ойида эса энг барқарор давлат — Ўзбекистон ҳам ички тартибсизликлар билан тўқнашди. Деярли ўттиз йилдан бери барқарор ички муҳитга эга Ўзбекистон июнь охири-июль ойи бошларида Қорақалпоғистон аҳолисининг норозилик намойишларига дуч келди. Конституциявий ўзгаришларга қарши бошланган митинглар, сепаратив ҳаракатга айланиб кетди ва ҳарбийлар билан тўқнашувларга олиб келди. Вазият Ўзбекистон Қуролли кучларининг Қорақалпоғистонга киритилиши ва президент Мирзиёев томонидан Конституциянинг Қорақалпоғистонга доир ўзгаришлар қисми бекор қилиниши билан якун топди. Бу воқеалар Ўзбекистоннинг 30 йиллик ички барқарорлик тенденциясини тугатди.

Қирғизистон эса қўшниларидан фарқли равишда ички барқарорликка даъво қилмайди. Бу ерда бир неча бор йирик намойишлар бўлиб ўтган ва уларнинг натижасида ҳукуматлар ҳам алмашган.

Минтақада фақатгина Туркманистон хонлиги ички стабилликни сақлаб қолмоқда. Энг ёмон аҳволда бўлишига қарамай, жуда қаттиқ назорат ва шафқатсиз жазо туркманларни норозилик ҳақида ўйлашга ҳам журъат қилмасликка мажбур қилади.

Минтақадаги кейинги барқарорлик тахминлари турлича. Масалан, қорақалпоқлар Конституциявий ўзгаришни бекор қила олганини кўрган бадахшонликлар ҳам шундай ён беришга умид қилиб, яна ҳаракат қилиб қолиши мумкин.

Ўзбекистон ва Қозоғистон эса яна стабил йўлга қайтиши эҳтимоли катта. Қозоғистон аллақачон халқ истаган ислоҳотларнинг сезиларли қисмини амалга оширган бўлса, Ўзбекистон бошқарувнинг барчага қулай шаклини ишлаб чиқишни давом этиши керак.

@pan_diplomat