Get Mystery Box with random crypto!

​Бу мукофот ўзбек халқи ва санъатига ҳурмат ифодасидир Ўзбеки | Ozodbek Nazarbekov

Бу мукофот ўзбек халқи ва санъатига ҳурмат ифодасидир

Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон халқлари санъати ва маданияти нафақат бир- бирига ўхшаш, балки ҳар икки миллат учун ҳам таржимонсиз тушунарлидир. Сўнгги йилларда ўзаро дўстлик, қардошлик ришталари барча соҳада тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳаммамизга катта мамнуният бағишлайди.  

Мамлакатимизда мустақиллик байрами кенг нишонланаётган айни кунларда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бир қатор ҳамюртларимизни “Достлуг” ордени билан мукофотлагани алоҳида диққатга сазовор. Хусусан, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий ришталарни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшгани учун эътироф этилганлар орасида Ўзбекистон халқ артисти, машҳур созанда Абдуҳошим Исмоилов, Тошкентдаги Озарбайжон маданий маркази фаоли, сирдарёлик озар шоири Али Носирли ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоевнинг борлиги барчамизни қувонтирди.

Шунингдек, ҳам ўзбек, ҳам озар тилида маҳорат билан қўшиқлар ижро этиб, ҳар икки миллат ҳурматини, меҳрини қозонган Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаеванинг Озарбайжон халқ артисти юксак унвонига лойиқ кўрилгани муҳим воқеалардан бири сифатида қувончимизга қувонч қўшди.

Фурсатдан фойдаланиб, санъат ва маданият аҳлига муносиб ижодий муҳит, кенг имкониятлар яратиб бераётган Президентимизга, Ўзбекистон санъаткорлари фаолиятини юксак эътироф этган Озарбайжон давлат раҳбарига чин дилдан самимий миннатдорлик билдирамиз.

Айтиш жоизки, бу мукофот ўзбек халқи ва санъатига бўлган ҳурмат, эътибор ва икки миллат ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамлигининг ёрқин ифодасидир.

Барчангизга орденлар ва унвон муборак бўлсин!

Озодбек Назарбеков,
маданият вазири