Get Mystery Box with random crypto!

Истихоранинг натижаси ва мақбул бўлганининг аломати Уламолар | Oxirat hovlisi

Истихоранинг натижаси ва мақбул бўлганининг аломати

Уламолар истихора борасида «Истихоранинг таъсири шунчаликки ким бирор ишни қилишда иккиланиб тараддудга тушган бўлса, суннатга мувофиқ қилинган истихорадан икки фойда бўлади.

1.-Қалб қайсидир бир ишга ҳотиржам бўлади.

2.-Қилинадиган ишнинг сабабларини Аллоҳ таоло муҳайё қилиб қўяди» деганлар.

Баъзи уламолар «Истихора қилгандан кейин инсоннинг қалби бир тарафга таскин топади. Фаразан бир тарафга таскин топмаса ҳам истихорадан кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Чунки банда истихора қилишнинг ўзи билан Аллоҳ таоло бандага унинг фойдаси учун бўладиган ишни муяссар қилади. Мабодо киши бир ишни яхши деб билсаю, Аллоҳ таоло унга бирор тўсиқни пайдо қилиб бандани ундан буриб қўйса, банда билсинки унда яхшилик йўқдир. Ўша тўсиқ истихоранинг баракоти туфайли пайдо бўлган тўсиқ ҳисобланади» деганлар.

Истихора қилинганидан кейин ҳам зиён кўрилса

Бирор киши истихора қилиб қалби таскин топганидан кейин ўша ишни қилиб зоҳирида зарар кўрса ҳам қилган истихораси тўғрисида нотўғри гумонга бормасин.

Макҳуул Аздий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

«Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг «Баъзи вақт инсон Аллоҳ таолога қайси иш менга яхши бўлса ўшани менга насиб қилгин – деб истихора қилади ва Аллоҳ таоло у учун фойдали бўлган ишни унга насиб қилади. Кейинчалик кишига у иш машаққатли ва зарарли кўринади. Шунда банда норози бўлади. Лекин бироз вақт ўтгач Аллоҳ таоло у учун яхшиликни ирода қилгани намоён бўлади. Аллоҳ таолонинг чиқарган ҳукми шак-шубҳасиз тўғридир, унинг оқибати яхши эканлиги баъзи вақт бу дунёда зоҳир бўлса, баъзи вқт охиратда билинади» деганларни эшитдим» дедилар.