Get Mystery Box with random crypto!

“ИФТИХОР” МАҲАЛЛАСИДА ТИББИЁТ ПУНКТИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ | Ромитан УЗ

“ИФТИХОР” МАҲАЛЛАСИДА ТИББИЁТ ПУНКТИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Ромитан тумани марказидан анча узоқда жойлашган қишлоқларда ихчам ва қулай тиббиёт масканлари очилиши давом этмоқда.

Аҳолига тиббий хизматни юксалтириш мақсадида бугун, 30 август куни Ромитан тумани 4-секторга қарашли “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Маҳалла тиббиёт пунктининг” очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида туман ҳокими Умеджон Барноев, туман ҳокимининг ўринбосари Фузулий Саломов, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Жамшид Тохиров, тиббиёт ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда оммавий ахборот воситвлари вакиллари иштирок этди.

Бу каби янги маҳалла тиббиёт пунктлари иш бошлаши мамлакатимиз мустақиллиги байрами арафасида аҳоли учун қўшалоқ байрамга айланди десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Айниқса, чекка қишлоқларга тиббий хизмат кириб бориши одамларнинг оғирини енгил қилиб, инсон қадрини улуғлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга хизмат қилади.

Ушбу тиббиёт шаҳобчалари (контейнер)нинг фойдаланишга топширилиши аҳолининг узоғини яқин қилди. Эндиликда тиббий ускуналар, дори-дармонлар, замонавий алоқа воситалари билан жиҳозланган тиббий пунктлар қишлоқ аҳолиси учун хизмат кўрсатади. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур барча шароитлар яратилди.

Тадбирда аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази туман бўлинмаси ходимлари томонидан соғлом овқатланиш столи ҳам ташкил этилди ва унинг аҳамияти борасида кенг тушунча берилиб, аҳолига буклетлар тарқатилди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида “Ифтихор” маҳалла аҳолиси учун туман раҳбари ташаббуси билан чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳам бўлиб ўтди.

Ромитан туман ҳокимлиги матбуот хизмати