Get Mystery Box with random crypto!

БОЛАНГИЗГА АЛЛА АЙТИНГ ОНАЛАР Улғаймасин қахри қаттиқ, бағри | Онлайн мактаб 4/uyda qoling

БОЛАНГИЗГА АЛЛА АЙТИНГ ОНАЛАР

Улғаймасин қахри қаттиқ, бағри тош.
Кексайганда ёлғиз қолманг тўкиб ёш.
Беланчакнинг бир четиига қўйиб бош.
Болангизга алла айтинг Оналар.

Ғамлар кетиб энсиз дунё кенглашар.
Хузури хуш Жаннат тенги тенглашар.
Кўкда Хурлар нафас олмай тинглашар.
Болангизга алла айтинг Оналар.

Туннинг ярми,дунё сокин, тўлин ой.
Тўлин ойга кўзгу тутиб оқар сой.
Бахтингизни бутун этган эркатой.
Болангизга алла айтинг Оналар.

Момолардан мерос қолган бу қўшиқ.
Дил дардини куйга солган бу қўшиқ.
Тинглаб тоғлар ўйга толган бу қўшиқ.
Болангизга алла айтинг Оналар.

Толдим деманг сиз Аёлсиз сабрли.
Жилмайгувчи жон бўлсада жабрли.
Сизнинг учун бор дунёдан қадрли.
Болангизга алла айтинг Оналар.

Билмасангиз билмоқни кўп чораси.
Билганлар кўп ўзбек халқим ораси.
Ўғилми,қиз кўзингизнинг қораси.
Болангизга алла айтинг Оналар.

Алла айтмоқ оналарга қарз билиб.
Беланчакнинг болорига кафт илиб.
Тебранганда ғижирини куй қилиб.
Болангизга алла айтинг Оналар.