Get Mystery Box with random crypto!

​​УЗУК Уйга келсам, нотаниш одамлар келиб фарзандимиз | Оналар Канали

​​УЗУК

Уйга келсам, нотаниш одамлар келиб фарзандимиз бетоб бўлиб қолди, касалхонага ётқиздик, мусофирмиз, дори-дармон олишга пулимиз йўқ, шу узукларимизни гаровга олиб, қарз бериб туринг, албатта қайтарамиз, деб аяжонимдан юз минг олиб кетибди. Содда аям эса ,,Балнисага адёл-подёлам керакдир деб битта адёл, идиш- товоқ, майда кийимчаларданам бервордим, бечоралар хурсанд бўлиб кетди,, деб ўзларича хурсанд бўлиб ўтирибдилар. ,,Ҳа, боплабсиз, сизни алдаб қанчалик хурсанд бўлиб кетганини тасаввур қилаяпман, чунки қўлингиздаги узукнинг иккаласиям мис, қайтиб келишидан умидам қилманг, узукларнинг пробаси қалбаки, оборсангиз кислотага битта солса қоп- қора бўлади, шунда гапим тўғрилигини биласиз,, десам, гапларимга ишонмай ,,ОМОНАТ ТИЛЛА УЗУКЛАР,, дея рўмолчага боғлаб ҳалиги қарздорларни кутиб юрдилар. Узукларни эса кислотага солишгаям ҳожат қолмади, чунки икки ойгаям етмай турган жойида қорайиб кетди. Ҳар замон ,,Бу районда пулни танимаган одамига берворишга бизданам уста одам бормикин?,, деб аямга хазил-чин гап қилсам, ,,Ҳа, болам, чиққиси келган пул экан, Аллоҳ ғойибидан берса ўрни тўлиб кетади, сиқилаверма,, деб таскин бериб қўярдилар...
Шу ҳангомага кўп бўлмай, кечга яқин кўчада келаётсак, бир эр-хотин қўлида ёш боласи билан турибди. Яқинлашиб ,,Бизга ёрдамингиз керак, илтимос, фақат тўғри тушининг,, деб гап бошлади, буларам узук бериб пул сўраса керак деб юрагим шиғ этди. Тахминим тўғри чиқди: ,,Опа, биз Соврук ота деган зиёратгоҳга келувдик, йўлни хато айтишибди айланиб жуда узоқдан борибмиз, шу ерга келганда, пулимиз тугади, опажон, агар имконинггиз бўлса, 14 минг берсангиз шу пул билан манзилимизга етиб олардик,, деди. Ичимда ,,мис бўлгани учун 14 минг сўраяпти, бўлмаса юзминг сўрарди, энди бу йўлга ўтишибдида,, деб аямга қараб берманг деган маънода бош ирғаяпман. Кошки наф берса, барибир бердилар ўша пулни. Пулни олганда буларнинг хурсандчилигини кўриб ўзимга-ўзим ,,14 мингга шунча байрам бўлса, ...юз мингни олганлар қандай қилдийкан?,, деб қўяман. Қайта- қайта миннатдорчилик билдирган эркак ,,Шу пулни жуда кўп кишидан сўрадик, ҳеч ким бермади, рози бўлинг ,опа, фақат уйга борганда кўринг,, дия аямнинг чўнтакларига қўлини cолиб олди... Уйга келиб кўрсакки бир пушти кўзли узук!!! ,,Аяжон, буниям ҳалиги узукларингизга қўшиб қўйинг, бир икки ойда қорайиб нимадан ясалганини кўрсатади,, дедим. Узук рангини ўзгартирмади, тиллочи хола ,,Чиста бурунги Российски,, деб ташҳисам қўйиб берди...Одамларга, Аллоҳнинг буюргани бўлишига ишонмаганим учун аям бир умрга етадиган қилиб ,,пўстагимни қоққач,, ўша узукни "сенга дарс бўсин" дея қўлимга тақиб қўйдилар, узук меники бўлди... Бу ҳангомани эслашимнинг сабаби шуки, у кунгина битта яқинимни шу метод билан узук бериб алдаб кетишибди ,,Опа, аёл киши болам касал эрим уйга пулга кетди, икки соатга келади, деса юз минг пулни берворибман, кечгача кутдим келмади,, деб ҳафа бўлганда, менам ,,Ҳа, чиққиси келган пул экан, Аллоҳ ғойибидан берса ўрни тўлиб кетади, сиқилаверманг,, деб таскин бериб қўйдим, аям эса пуштикўзли узугимнинг тарихини уларга айтиб бердилар...

Умму Амина

Ишонч борки, яхшиликлар яшайди, одамларда умид ва ишонч сўнмасин...

Барча, онасини яхши кўрадиганлар учун канал

@Onalar_kanali

https://telegram.me/joinchat/AAAAAE77ZBOqBE_0idg08Q