Get Mystery Box with random crypto!

Ёш шоиралар учун ибрат мактаби Ўзбекистон халқ шоири, 'Эл-юрт | 📚ONA TILI — MILLAT RUHI.🌿 O‘ZBEKISTON FILOLOGLARI🕊

Ёш шоиралар учун ибрат мактаби

Ўзбекистон халқ шоири, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳибаси, ардоқли устозимиз Ойдин Ҳожиева миллий шеъриятимизда ўзига хос мактаб яратган ижодкорлардан саналади.

Ҳар йилгидек бугун, 22 апрель куни ҳам эрта тонгданоқ севимли шоирамизнинг хонадонлари баҳорнинг анвойи гулларига тўлиб кетди. Устоз ижодкорни кўриш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш, дуоларини олиш мақсадида шеърият мухлислари, қадрдонлар, шогирдлари уларнинг хонадонларида бўлди.

Маълумотларга кўра, Ойдин Ҳожиева 1942 йил 22 апрелда Бухоро (ҳозирги Навоий) вилоятининг Қизилтепа туманидаги Хожайи Бўстон қишлоғида таваллуд топган.

ТошДУнинг -- ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетини тамомлаган.  

Ижодкорнинг биринчи шеърий китоби 1971 йили  "Шабнам" номи остида китоб ҳолида чоп этилган. Устоз шоира узоқ йиллар давомида мамлакатимизнинг етакчи босма нашрларида самарали меҳнат қилган. "Гулхан", "Саодат" каби журналларда бош муҳаррир бўлиб меҳнат қилган пайтлари ёш шоиралaрни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ҳаёти, таълимга оид долзарб муаммоларни ёритишда жонбозлик кўрсатган. 

1992 йил "Ўзбекистон халқ шоири" унвонига сазовор бўлган шоиранинг "Манзиллар" , "Онам севган қўшиқ" , "Орзу гули" , "Тароват", "Достонлар", "Мушфиқ онажон", "Хушхабар", "Чашмаларни излайман", "Тамал тоши", "Ишонч юлдузлари", "Кўзимнинг оқу қораси", "Паноҳим" каби асарлари китобхонларга яхши маълум. Халқчиллик, Ватанга, она-табиатга муҳаббат Ойдин Ҳожиева шеъриятида устувор ўрин тутади.

Гарчи бугун миллий шеъриятимизда янги оқим ва йўналишлар кўп бўлса-да, устозларнинг ижоди барибир ёш қаламкашлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилаверади.

Назокат Усмонова, ЎзА

Уланиш учун: https://t.me/ona_tilim_millat_ruhi