Get Mystery Box with random crypto!

БАХТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ. | 📚ONA TILI — MILLAT RUHI.🌿 O‘ZBEKISTON FILOLOGLARI🕊

БАХТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ.
Ўрдада ногаҳон келган рўбарў.
Қиш куни. Пальтога олган ўраниб,
Бесас бир ҳайратда қотганман: – Вой-бў!..

Йўлкалар четида баланд чинорлар
Қатор тизилишган. Беҳаракат. Жим.
Донг қотган бекатлар, қорлар, шиорлар...
Аммо бахт эканин билмаган – ҳеч ким.

Бахт жуда чиройли эди! Чиройли!
Чиройли – совуқда юзин яшнаши.
Ҳатто қор пойида ғирчиллар эди,
Танини эзса ҳам ўткир пошнаси.

Юзи теграсида рўмоли – туман.
Бир учи кифтига ташланган эди.
Лолликдан бошқа ҳол бўлган эди манъ –
Уни кўриб бу иш бошланган эди.

Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ.
Ҳатто кўзларимиз учрашган бир зум.
Ўртада бўлмаган салому алик,
Фақат лабларига қўнган табассум.

Шу тарз ўтиб кетган ёнимдан. Ташхис:
Жоним чиқмасликка у дам яраган.
Ўгрилиб қарасам, ортимга илкис,
Ишонинг-ишонманг, бахт ҳам қараган!

Шундан буён менга бу дунё бир пул!
Номард ғалвалари беролмас озор.
Юрагим эрта-кеч шеър билан машғул –
Бахтни учратганман! Нима ғамим бор!

Ёниб кириб келсам (юришим – сарбаст!) –
Фасод давраларга – ғийбат тинади,
Ахир, менга ҳеч ким келолмайди бас –
Бахтга дуч келганим барча билади.

Мардлигим билишар (дўсту ёв огоҳ!):
Нечун “юр” деб бахтни қистамаганман,
Бахтни этмаганман не учун ҳамроҳ?..
Бебахт бўлишини истамаганман.

Усмон АЗИМ

Уланиш учун: https://t.me/ona_tilim_millat_ruhi