Get Mystery Box with random crypto!

СЕНТЯБР Беркитар ҳориган она табиат Ёз сели тафтидан сўлғин ю | 📚ONA TILI — MILLAT RUHI.🌿 O‘ZBEKISTON FILOLOGLARI🕊

СЕНТЯБР

Беркитар ҳориган она табиат
Ёз сели тафтидан сўлғин юзини.
Сентябр, сен-ла бордир хусумат,
Чунки бошлаб қўйдинг умрим кузини.

Чанг солар ҳуснига яшил япроқнинг
Бедов дайди елдан тўзғиган гардлар.
Ўз измига солар сезгин титроқни
Қалбимга йиғилган хазондек дардлар.

Сентябр бошлаган умримнинг кузи,
Бетўхтов юзимга нақшин солмоқда.
Наҳот, тортиқ энди айрилиқ сўзи
Эҳ ёшлигим, август, сен-ла қолмоқда.

Оёқ остларида қолган хазондек,
Ҳисларим ҳар томон титилиб кетар,
Саҳрода бемаврид зоҳир тўзондек,
Туйғулар чокидан ситилиб кетар...

Навқирон кўнглимга тилайман сабр,
Кузим бошлаб қўйдинг, эҳ сентябр...

Сарвара Эшонхонова