Get Mystery Box with random crypto!

Бугун Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасалари, тергов изо | Olimjon Haydarov

Бугун Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасалари, тергов изоляторлари ва махсус ҳибсхоналарда қийноқ, ўлим ҳолатлари одатий ҳолга айланган.

Ички ишлар биносига кирган инсон борки, унинг тирик чиқишига ҳеч ким жавоб беролмайди. Тизим шунчалик назоратсиз, тартибсиз ишламоқда.

Бу тизимсизлик ҳақида бир неча йиллардан бери гапирилиб, эътироз билдириб келинаётганига қарамай, афсуски, тартибга келмаяпти.

Шулардан кейин савол туғилади, 2017-йилда ички ишлар вазири лавозимига келаркан, Пўлат Бобожонов соҳа учун нима иш қилди, нимани ўзгартирди ўзи? Бу инсон қайси сифатлари учун 6 йилдан буён вазир сифатида ушлаб турилибди?

Бобожонов даврида қайси бир иш охирига етказилдики, бу билан ички ишлар ва халқ ўртасида ишонч ошиб қолган бўлса?

Соҳанинг моддий техник базаси ўзгариб кетдими?

Кадрлар тайёрлаш иши яхшиландими?

Тергов жараёнларидаги аҳволни юқорида ёздим.

Мамлакатда жиноятлар кескин камайдими?

Тизимга нисбатан халқ орасида ҳурмат ошдими, қўрқув йўқолдими?

Соҳада меҳнат қилаётганларнинг меҳнат шароитлари яхшиландими?

Хўш, Ички ишлар вазирлиги тизимида ислоҳот дея кўрсатиш мумкин бўлган, охирига етган бирор иш, бажарилган вазифа борми?

Тергов изоляторлари тўла камералаштирилдими, жараёнлар айтилгани каби тўла ёзиб олиняптими?

Ҳеч бўлмаса, ягона форма масаласи охирига етдими?

Вазир Бобожонов халқ ва ҳукумат ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши учун нима қилди?

Хўп, шахсий садоқат масаласи десак, одамлар орасида кеча Бўкада бўлгани каби норозилик ошиб бораркан, бу оқибатда ҳукуматнинг яшовчанлиги учун ҳам зарар-ку. Қани бу ерда садоқатнинг ўрни?

Ҳа, балки пост жуда содда услубда ёзилгандир, лекин оддий журналист, ватандош сифатида чиндан шу саволлар мени ўйлантирмоқда.

Тизим ислоҳотга муҳтожлиги ҳақида кўп гапириляпти, ҳамма гапиряпти. Балки бу ислоҳотларни вазирликка инсонпарвар, қонунпарвар, ишчан, тартибли, қаттиққўл ва ёш бир вазир олиб келишдан бошлаш керакдир.

П.С: Пост ортидан бир неча дақиқа ичида қўнғироқ бўлиши, "мени тинчимни ўйлайдиган" инсонлардан огоҳлантириш келишини яхши биламан, лекин бу билан муаммо ечилмайди, норозилик камаймайди, оғайнилар.

Тизимда тезкор чоралар кўрилмаса, оқибати жуда хунук деградация бошланган.

П.С 2: Ҳурматли депутатлар, сенаторлар, сизчи, сиз қайси сифатлари учун вазирликка тасдиқлагансиз Бобожоновни? У тайинланишда сизга нималарни ваъда берганди?

Наҳотки, битта вазирни парламент, сенатга чақириб тушунтириш, изоҳ ололмайсиз? Наҳотки, шунга қурбингиз етмаса?!

Президент гапирган масалада ўша соатдаёқ ўнлаб мақола эълон қиладиган чаққонлар, қанисизлар?

Ilyos Safarov

@OlimjonHaydarov